Адлия маслаҳатчиси Қурбонали Асқаров ўз хоҳишига кўра берган аризасига асосан Андижон шаҳри прокурори лавозимидан озод этилди. Уни ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқни бош прокурор 21 май куни имзолади, деб хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Хабарда қайд этилишича, Қурбонали Асқаровнинг лавозимидан озод этилиши 17 май куни халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида рўй берган ҳолатлар билан боғлиқ эмас.

Аввалроқ хабар берганимиздек, кенгаш шу куни ноқонуний равишда ер участкалари ажратиш ва шаҳар ҳокимининг қарорларига қарши чиқиб келаётган депутат Шуҳратбек Каримовни прокурор тақдимносига биноан дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этди. Қолаверса, мазкур сессияда депутатлар Миллий гвардия ходимлари томонидан тинтув қилинган ва уларнинг телефонлари олиб қўйилган.

Депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинишига сабаб этиб у таъсисчи ҳисобланган компанияга қарши жиноий иш очилгани келтирилган. Коррупцияга қарши кураш агентлиги ва жамоатчилик депутатни қўллаб-қувватладилар. Сенат комиссияси эса вазиятни ўрганмоқда.