20 декабрь куни Афғонистон муваққат ҳукуматининг Олий таълим вазирлиги талаба қизларнинг университет ўқиш жараёнларида иштирок этишини тўхтатиб қўйиш ҳақида буйруқ берганди. Мамлакатнинг олий таълим вазири вазифасини бажарувчи Неда Муҳаммад Надим бунинг тўртта сабабини айтиб ўтди, дея хабар бермоқда ToloNews нашри.

Унинг сўзларига кўра, ётоқхоналарда аёлларнинг борлиги ва уларнинг ҳудудлардан эркак ҳамроҳсиз келиши, талабаларнинг ҳижобга риоя қилмасликлари, аёллар ва эркаклар бир дарсхонада аралаш ўтириб таълимни давом эттиришлари, қизлар учун «Ислом шариати ва Афғонистон ғурури»га зид бўлган баъзи факультетларнинг мавжудлиги бунга асос бўлган.

«Ҳозирги ўқув дастурида камида 160 та йўналиш мавжуд. Унда аёлларнинг қадр-қиммати ва ғурурига ва афғон маданиятига зид бўлган баъзи соҳалар бор эди. Машинасозлик ва қишлоқ хўжалиги уларнинг бир қисмидир», деди Надим.

Унинг айтишича, Афғонистон шариат қонунларига асосланган аёллар ҳуқуқларига содиқдир. «Бу ҳар кимга ўз ҳуқуқларини бериш масъулиятидир», деди у.

Мазқур қарордан сўнг мамлакатдаги айрим ОТМларда норозилик ҳаракатлари бўлди. Хусусан, Нангарҳор тиббиёт университетининг эркак талабалари норозилик сифатида дарсдан чиқиб кетишди. Яна ўнлаб кишилар университет олдида бу қарорга қарши намойишга чиқди.

Шунингдек, аёллар учун олий таълимнинг тўхтатилиши билан боғлиқ турли реакцияларга жавобан Надим халқаро ҳамжамият Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслиги кераклигини айтди.

«Биз уларни ички ишларимизга аралашмасликка чақирамиз. Улар бир томондан опа-сингилларимизнинг ҳуқуқларини таъминлашга чақиришса, иккинчи томондан мамлакатдаги мусулмонларга чеклов қўймоқда», — деди Надим.

2021 йилнинг сентябрь ойида «Толибон» ҳаракати вакили Забиҳулла Мужоҳид Афғонистонда аёлларнинг таълим олиши учун «шароит тайёрланаётгани» ва аёллар эркаклар билан бир хил фанларни ўқишини маълум қиганди. «Жинсига қараб алоҳида дастурлар бўлмайди ва дипломлар дунёда тан олинади», — деганди у ўшанда.