13 декабрь куни Тошкент вилояти ИИББ ва ИИВ ходимлари томонидан Тошкент халқаро аэропортида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М. У. (1978 й.т.) икки қизни Ҳиндистонга жўнатишга уринган вақтда қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Тергов маълумотларига кўра, у наманганлик 19 ва 27 ёшли опа-сингилни алдаб, ишончига кириб, уларни мўмай даромад топишга ишонтириб, Тошкент-Ҳиндистон авиа йўналиши орқали фоҳишалик билан шуғулланишлари учун юбормоқчи бўлган.

Аниқланишича, ушланган шахснинг шаръий никоҳдаги хотини ҳозирги кунда Ҳиндистон давлатида бўлиб, қизларни кутиб олиши ва уларни фоҳишалик қилишлари учун шароит яратиши ҳамда эр-хотин бунинг ортидан мўмай даромад топишни режалаштирган бўлган. Ҳатто қизларнинг Ҳиндистонга бориш ва виза харажатларини ўзлари тўлаб берган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахс ва унинг хотинига нисбатан Қибрай тумани ички ишлар бошқармаси Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда жиноятга алоқадор аёлни Ҳиндистонда ушлаш ва экстрадиция қилиш чоралари кўрилмоқда.

Вазирлик маълумотларига кўра, вилоят ИИББ тезкор ходимлари томонидан 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида 8 та ҳолатда 15 нафар шахс қўлга олинган. Тадбирлар натижасида 12 нафар шахснинг, жумладан, 9 нафар аёлнинг одам савдоси қурбони бўлишининг олди олинишига эришилган.