Жаҳон банки тараққиёт сиёсатини қўллаб-қувватлаш операцияси (дунёнинг турли давлатларидаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватловчи Банкнинг махсус молиявий инструменти) доирасида Ўзбекистонга молиявий маблағлар тақдим этишни маъқуллади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати «Газета.uz» га хабар берди.

Унга кўра, Ўзбекистон ҳукуматига стратегик ислоҳотларни амалга оширишда, жумладан, хусусий секторга йўналтирилган инклюзив иқтисодиёт қуриш, бозор институтларини ривожлантириш ва барча фуқаролар иқтисодий ўсишнинг натижаларидан фойдаланишлари учун тенг имкониятларни таъминлаш бўйича кўмак кўрсатилади.

Жаҳон банкининг ҳукуматга ёрдами молиявий пакет шаклида тақдим этилади. У 470 миллион АҚШ доллари қийматидаги имтиёзли кредитлар ва 480 миллион АҚШ доллари қийматидаги паст ставкали кредитлардан иборат.

Ушбу маблағлар Жаҳон банки тизимидаги кредит ташкилотлари — Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) ва Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ) томонидан берилади. Бунда ХТА учта кредит, ХТТБ эса паст фоиз ставка билан қарз маблағларини (ХТА ва ХТТБ молиялаштириш шартларига мувофиқ) 12 йилдан 34 йилгача муддатга тақдим этади.

«Дунёда ҳамда Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги мураккаб вазиятга қарамасдан, Ўзбекистон ислоҳотлар йўлида қатъий давом этишини намойиш этмоқда», — дея таъкидлади Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татьяна Проскурякова.

Унинг фикрича, жаҳон банкининг жорий операцияси Ўзбекистон учун 2017 йилдан буён мамлакатда инклюзив бозор иқтисодиётини барпо этиш мақсадида кўрсатган кенг кўламли молиявий ва техник ёрдамимизга асосланади. Жаҳон банкининг мамлакат билан 2022−2026 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастури Ўзбекистоннинг келгуси беш йилга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор ислоҳотларни амалга оширишга хизмат қилади.

Ушбу операция доирасида Жаҳон банки томонидан тақдим этиладиган молиялаштириш ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ва чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди, жумладан:

  • Фуқароларни, шу жумладан, камбағал ва заиф оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимининг самарадорлигини ошириш мақсадида янги Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш Миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • хусусий секторда ишлайдиган аёллар иш жойларида камситилишларининг хавфини камайтириш мақсадида давлат томонидан ҳомиладорлик ва туғиш («декрет») нафақаси бўйича тўловларни кенгайтириш;
  • молиявий хизматлар бозорида нобанк кредит ташкилотлари сонини кўпайтириш ва кичик тадбиркорлик субъектларининг молиялаштириш манбаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида шундай ташкилотларнинг хизмат кўрсатиш сифатини ошириш;
  • давлат корхоналарини хусусийлаштириш, рақобатни ривожлантириш, шунингдек ишбилармонлик муҳити ҳамда хусусий секторни ривожлантириш учун шароитларни яхшилаш мақсадида юридик ва жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги жараёнларини тартибга солиш соҳаларида янги қонунчилик ҳужжатини ишлаб чиқиш;
  • мобил телекоммуникация алоқалари бозорида барча иштирокчилар учун рақобат муҳитини яратиш учун ушбу бозорда хусусий секторнинг иштирокини кенгайтириш;
  • давлат корхоналарининг молиявий фаолияти устидан назоратни ошириш ва уларнинг молиявий интизомини яхшилаш.

Тобора кенгайиб бораётган глобал иқтисодий ноаниқлик, халқаро молия бозорларидаги мураккаблашиб бораётган ҳолат ҳамда, озиқ-овқат маҳсулотлари ва энергоресурсларнинг жаҳон бозоридаги нархлари ўсаётганлиги шароитида Жаҳон банки жорий операция доирасида давлат бюджетини молиявий қўллаб-қувватлайди.

16 декабрь ҳолатига кўра, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги мамлакат бўйича дастури 27 та лойиҳани ўз ичига олган.

Лойиҳалар ҳукумат томонидан банк кўмагида турли муҳим соҳаларда хусусан, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш, макроиқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, сув ресурсларини бошқариш, қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти ва канализация, энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим хизматларини, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини, инновациялар, солиқ маъмурчилиги, статистика идоралари ва молиявий тизимларни ривожлантириш ва бошқа йўналишларда амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, Жаҳон банки аҳоли саломатлиги, иқтисодиёт ва фуқаролар фаровонлиги учун ҳукуматга Covid-19 пандемияси оқибатларини юмшатишда ёрдам беришда давом этмоқда.