Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳамда бюджетнома кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда жума куни қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.

Аввалроқ эса, «Газета.uz» Ўзбекистоннинг 2023 йилги давлат бюджети 15 декабрга қадар қабул қилиниши керак бўлган лойиҳа ҳануз жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилмагани ва парламентга киритилмагани ҳақида ёзган эди.

Бюджет кодексига кўра, ҳукумат Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини, қоида тариқасида, 15 октябрдан кечиктирмай, Ҳисоб палатасининг хулосаси билан Қонунчилик палатасига киритади. Бюджет хабари, шунингдек, худди шу муддатдан кечикмаган ҳолда Сенатга тақдим этилиши керак.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси, ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган фискал стратегия тўғрисидаги қонун лойиҳаси, шунингдек, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар парламентга юборилгунга қадар мажбурий тарзда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Шунингдек, параллель равишда Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашри жамоатчилик муҳокамаси учун чоп этилади.