Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси келгуси йилги давлат бюджети лойиҳасини парламентга киритиш муддатларини кетма-кет тўртинчи йил бузмоқда. Депутат Дониёр Ғаниевнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳукумат Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 2023 йил учун ҳужжат тақдим этмаган.

Бюджет кодексига кўра, ҳукумат Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини, қоида тариқасида, 15 октябрдан кечиктирмай, Ҳисоб палатасининг хулосаси билан Қонунчилик палатасига киритади. Бюджет хабари, шунингдек, худди шу муддатдан кечикмаган ҳолда Сенатга тақдим этилиши керак.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси, ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган фискал стратегия тўғрисидаги қонун лойиҳаси, шунингдек, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар парламентга юборилгунга қадар мажбурий тарзда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Шунингдек, параллель равишда Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашри жамоатчилик муҳокамаси учун чоп этилади.

Қуйи палатанинг 25 октябрдаги йиғилишида таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамаси 2015 йилда ҳужжатни 13 октябрда (муддатидан 2 кун олдин) тақдим этгани айтиб ўтилди. Шунингдек, 2016 йилда — 16 октябрда (бир кун кейин), 2017 йилда — 14 октябрда (1 кун олдин), 2019 йилда — 9 ноябрь куни, 2020 йилда — 14 ноябрда ва 2021 йилда — 13 ноябрда тақдим этган.

Ўшанда депутатлар қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш ва ҳукумат томонидан белгиланган муддатларни бузишга имкон берган «қоида тариқасида» иборасини олиб ташлаш учун овоз берганди. Аммо ЎзЛиДеП депутати Дониёр Ғаниев қонун қабул қилингандан кейин амал қиладими, деган савол билан юзланганди.

«Тўғри, Молия вазирлиги билан келишилди дейиляпти. Лекин амалиётга қарайдиган бўлсак, охирги уч йилда доим ноябрь ойининг ўртасида киритилган, бир ой кечиккан. 2022 йилни оладиган бўлсак, ҳатто давлат бюджети дефицити [3 фоиздан 4 фоизга] ошиши ҳақидаги қонунни ҳам олти ойлик ҳисобот (ёз)да олиб кирамиз деб, айтилганди, ҳали киргани йўқ (ноябрь ойининг бошида киритилди — таҳр.). Амалдаги 2022 йилги бюджетга ўзгартиришларни киритишмагандан кейин, қандай қилиб [давлат бюджети тўғрисидаги қонун киритилишини] 15 октябргача таъминлашади? Уларнинг имконияти етадими? Агар етмаса, агар биз бу қонунни қабул қилсак, у ҳар йили доимий равишда бузиладиган бўлса, бунга қарши қанақа жавобгарлик белгиланади?» — деб сўради у.

бюджет 2023, парламент, вазирлар маҳкамаси, депутатлар, дониёр ғаниев

Дониёр Ғаниев. Фото: Қонунчилик палатаси.

Унинг сўзларига кўра, Бюджет кодексида бюджет талабларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Аммо Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ушбу ҳуқуқбузарлик учун жавоб берадиган аниқ шахс ёки орган кўрсатилмаган.

«Ўз вақтида [қонун лойиҳаси] киритилмаса, кимга нисбатан жавобгарлик белгиланади? Вазирлар Маҳкамасига нисбатан. Буни ким амалга оширади? Текшириш вазифаси Молия вазирлиги таркибидаги молиявий назорат зиммасида турибди. Эртага Молия вазирлигининг ўзи Вазирлар Маҳкамасига нисбатан жавобгарлик қўллайдими?», — деб таъкидлади.

Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров Ҳисоб палатасида бу борада чора кўриш ваколати борлигини таъкидлади.

«Тўғрисини айтиш керак, ҳақиқатдан, охирги уч йилда бюджет лойиҳаси кеч киритиляпти. Бу йил ҳам кеч қоляпти. Буни сабабини тўғри тушуниб турибсизлар, охирги йиллар бюджетда жуда ҳам кўп ноаниқликлар бўляпти, иқтисодиётдаги ўзгаришлар бюджетга тегишли ўзгаришларни киритишни талаб қиляпти. Ҳозир бюджетга ўзгартиришлар киритишга оид қонун палата қўмитасида кўриб чиқиляпти. Яқин кунларда қўмита билан бирга у ҳам киритилади», — деб жавоб берди вазир ўринбосари.

Ўшанда молия вазири ўринбосари 2023 йилги Давлат бюджети лойиҳаси кечикаётганини тасдиқлаб, у ҳозир ҳукумат доирасида кўриб чиқилишини таъкидлаганди.

Аҳадбек Ҳайдаров, шунингдек, келгуси йил учун Давлат бюджети лойиҳасини 15 октябрга қадар парламентга киритилиши учун барча чоралар кўрилишига ишонтирганди.

бюджет 2023, парламент, вазирлар маҳкамаси, депутатлар, дониёр ғаниев

Аҳадбек Ҳайдаров. Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

«Миллий тикланиш» партияси депутати Илҳом Абдуллаев «бюджет назорати ҳар бир депутатнинг, ҳатто у бошқа қўмитада бўлса ҳам, бевосита масъулияти эканлигини» эслатиб ўтганди.

«Бюджет қўмитаси лойиҳани тайёрлагани сабаб — энг кўп депутатлар айни шу қўмитада ишлаши, йил давомида ҳам энг кўп қонунлар шу ерда қабул қилиниши — бизни ушбу қонунлар учун жавобгарликдан озод қилмайди. Мен ўйлайманки, бугун биз шундай сусткашликка йўл қўйган заиф қонунларни қабул қилдик. Бу менинг шахсий фикрим» — деди у.

Парламент аъзоси давлат бюджети лойиҳасини парламентга киритиш муддатлари бўйича биринчи ўқишда қабул қилинган тузатишларни «заиф» деб атади.

«Кимдир ўйлаб кўрдими шу икки сўз ўзгараётганини? Бизда ҳозирда „қоида сифатида“ ҳукумат 15 октябргача бюджетни тақдим этиши керак деган норма бор. Бугун 15 октябрдан ўтди. Бюджет ҳали ҳам тақдим этилмаган. Бу қўмита депутатлари эса ["қоида тариқасида"] сўзларни олиб ташлашни таклиф қилмоқда. Нима ўзгаради? Масалан, агар қонун бунинг учун масъулиятни белгилаб, жавобгарларни аниқ кўрсатадиган бўлса, шундай қонунга овоз берайлик. Иккита сўз олиб ташланган қонунда нима ўзгаради? Мана шу ўзгартиришни қабул қилсак келаси йил 15 октябрда қўлингизда бюджет лойиҳаси бўлади, деб ўйлаяпсизми?» — деди у.

Депутат ҳамкасбларини барча қонунларга «масъулиятлироқ ва эътиборлироқ» бўлишга чақирди.

ХДПнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Шарофиддин Назаров «Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси келиб тушганидан кейин Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш ва уни Сенатга жўнатиш учун бир ой муддат берилганини таъкидлади.

«Бир ой ичида қонун қабул қилиниш ва қайтарилиши ҳам мумкин. Агар қайтариладиган бўлса, биздан кўриб чиқиш учун яна 14 кун вақт олиб қўйилади. Қонун ноябрь ойининг ўртасида кечикиб келганидан кейин биз уни концепциясини қайта кўриб чиқиб, биринчи, иккинчи, учинчи ўқишларда қабул қилишга мажбурмиз. Қўмита ишчи гуруҳ иштирокида кечалари билан ишлайди. Ўзингиз қонун лойиҳасини нега эртароқ киритмади, деб савол берасиз. Бундан кимга фойда?», — деб эслатди у.

Унинг сўзларига кўра, Қонунчилик палатаси, қоида тариқасида қонунни 15 ноябргача Сенатга киритиши керак, юқори палата эса ўз ўрнида 15 декабргача уни кўриб чиқиб, қабул қилади.

«Агар бу 15 декабрдан кейинга қоладиган бўлса, бюджетни қабул қилмаслик хавфи ошиб кетади. Давлат бюджети республика ва маҳаллий бюджетлардан иборат. Маҳаллий бюджетлар республика бюджети қабул қилинмасдан туриб қабул қилинмайди. Маҳаллий бюджетларни қабул қилиш учун Ҳисоб палатасининг хулосасини олинади. Бу унчалик осон эмас», — дея тушунтирди у.

Дониёр Ғаниев Давлат бюджетини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси 15 октябргача деб белгилангани ва у 25 октябрда қабул қилинаётганини истеҳзоли деб атади. «Агар ўзингиз 15 октябргача киритилишига ишонганингизда, май ойининг ўзидаёқ ташаббус билан чиққан бўлардингиз», — дея таъкидлади.

У, шунингдек, Украинада уруш давом этаётганига қарамай, давлат бюджети муҳокамаси cентябрь ойида бошланганини эслатиб ўтди (қонун ноябрь ойи бошида қабул қилинди). «Озарбайжонда ва бошқа мамлакатларда муҳокамалар давом этмоқда. Октябрь ойи тугаяпти, бу йилги бюджет тақчиллигини ўзгартириш учун қандай харажатлар сарфланишини билмаймиз! Муаммоларга реал қарашимиз керак», — деди депутат.

Шундай қилиб, йил якунига қадар 2 ҳафта қолган бўлишига қарамасдан, давлат бюджети ҳақидаги қонун 2 ҳафта давом этадиган жамоатчилик муҳокамасидан, Қонунчилик палатаси ва Сенатда 1 ойдан давом этадиган кўриб чиқиш жараёнидан ҳам ўтмаган.

Июль ойида бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ҳукуматнинг айрим камчиликларига «кўз юмгани» ва таклифларини маъқуллагани, жумладан, бюджет тақчиллиги чегарасининг Вазирлар Маҳкамаси қарорига тўғри келмаслиги сабабли давлат бюджети харажатларини ошириш бўйича депутатларга миннатдорлик билдирганди.

Эслатиб ўтамиз, 22 ноябрда Қонунчилик палатасида Давлат бюджети тақчиллигини 3 фоиздан 4 фоизга ошириш тўғрисидаги қонун қабул қилинганидан кейин Сенат мазкур ҳужжатни ҳалигача кўриб чиққани йўқ.

«Депутатнинг ёрдамчиси ҳам йўқ»

бюджет 2023, парламент, вазирлар маҳкамаси, депутатлар, дониёр ғаниев

Русланбек Давлетов.

Собиқ адлия вазири, ҳозирда президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Русланбек Давлетов ва иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов 2021 йил апрель ойида депутатларнинг қонун ижодкорлигидаги муаммолари ва бу жараёнда ижро ҳокимияти органларининг ролини муҳокама қилганди.

Адлия вазирлигининг собиқ раҳбари депутатларнинг салоҳияти борлиги, лекин парламентнинг ўзида катта қонунлар ишлаб чиқиш учун маблағ йўқлиги, ижро ҳокимиятида эса моддий имконият борлигини тушунтирганди. Ўзбекистон каби президентлик республикаси бўлган давлатни АҚШ билан таққослаганда, бир сенаторда 30−50 нафар ходим ишлайди.

«У ерда бир сенаторнинг ўзида бизнинг битта вазирликка тенглашадиган ресурс бор», — деди у.

Русланбек Давлетовнинг қайд этишича, қонунни ким ишлаб чиқиши муҳим эмас, чунки ҳаммаси қарор қабул қилиш тизимига боғлиқ.

«Битта депутатга бешта ёрдамчи бериб кўринг, жуда кучли, чет элда ўқиган, бири — молиячи бўлсин, бошқаси — иқтисодчи, биттасини — юрист қилиб беринг. Улар биргалашиб кучаяди. Чунки сиз уларнинг салоҳиятни ошириб берасиз», — деди у.

Беҳзод Ҳошимов бюджетни депутатларнинг ўзи қабул қилиши ва улар ёрдамчилар институтини яратиш ҳуқуқига эга эканини эслатди. Давлетов унинг фикрига қўшилди ва бу йўналишда депутатлар ваколатлари кенгайтирилишини қўллаб-қувватлади.