Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 декабрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилиш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

2022 йил давомида доимий бандлар сони Китоб, Косон, Мирзаобод, Нарпай, Нишон, Фурқат туманларида камайган.

Хусусий секторда фаолият кўрсатаётган 232 мингта корхонада ишчилар сони бор-йўғи 1 нафарни ташкил қилади. «Бу дегани, улар ҳалиям «яширин иқтисодиёт» шароитида ишлаб, «конверт»да ойлик тўлаб келмоқда», — дея қайд этилди йиғилишда.

Бундай ҳолат 47 та туманда энг юқори. Мисол учун, Нукус, Зарбдор, Миришкор, Музработ, Каттақўрғон туманларида — 80 фоиз, Жондор, Косон, Ургут, Пастдарғом, Учқўрғонда — 75 фоиз, Гулистон, Наманган, Қўшкўпир туманларида — 70 фоиз корхоналарда 1 та иш ўрни кўрсатилган.

2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар чакана савдо ва умумий овқатланиш, меҳмонхона хизматлари, йўловчи ва юк ташиш, автотранспорт воситаларини таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш, компьютер хизматлари, маиший техника, технология, агро- ва ветеринария хизматлари, шунингдек, кўнгилочар марказларда кўрсатиладиган хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга пасайтирилди.
бандлик, шавкат мирзиёев, қурилиш

Ушбу 47 та тумандаги корхоналарнинг ярмидан кўпи айнан шу фаолиятлар билан шуғулланади. «Лекин бу туманлардаги корхоналар адолатли солиқ тўлаш ва давлат билан ҳамкорликка ўта олмаяпти», -дейилади хабарда.

Шунингдек, 25 ёшгача бўлганларни ишга қабул қилганда, тадбиркорлар 6 ой давомида ижтимоий солиқдан озод қилинган.

«Бу имтиёзлар айнан туманларда тадбиркорликни ривожлантиришга туртки беришга қаратилган-ку! Лекин ушбу туманларнинг ҳокими, биринчи ўринбосари ва солиқ раҳбари нима билан банд? Нима учун, 70−80 фоиз корхоналарида 1 нафардан ходим ишлаётгани билан бирор марта қизиқиб кўрмаган?» — сўради давлат раҳбари.

Вилоят ҳокимларига масъул идоралар билан биргаликда бир ой муддатда бу 47 та туманда сўров ўтказиб, ҳар бирига алоҳида ёндашувларни ишлаб чиқиш топширилди.

Мутасаддиларга бир ой муддатда қурилиш соҳасида 6 ойгача ишга қабул қилиш бўйича соддалашган меҳнат шартномаларини ишлаб чиқиб, келгуси йилда норасмий сектордаги 100 минг аҳолини қонуний фаолиятга ўтказиш вазифаси қўйилди.