Украинанинг «Укрэнерго» миллий энергетика компанияси 16 декабрь куни мамлакат энергетика тизимида фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Компания маълумотларига кўра, Россиянинг Украина энергетика объектларига уюштирган ёппасига ракета ҳужуми натижасида мамлакат ягона энергетика тизими истеъмолининг 50 фоизи йўқотилган.

Энергетика тадқиқотлари маркази директори Александр Харченконинг сўзларига кўра, бу ҳолат истеъмолчиларнинг қарийб 50 фоизи, хусусан муҳим инфратузилмаларни ёруғлик таъминлашнинг техник имконияти йўқлигини билдиради. «Яъни, кўпроқ энергия ишлаб чиқариш ёки уни ташишнинг ҳеч қандай йўли йўқ», — дея унинг сўзларини келтиради УНИАН.

Энергетика вазири Герман Галушченконинг таъкидлашича, отишмалар натижасида камида 9 та ишлаб чиқариш объекти зарар кўрган.

Жума куни тушдан кейин Украина ҳудудининг навбатдаги ўққа тутилиши содир бўлди. Украина Қуролли кучлари Бош штабининг дастлабки маълумотларига кўра, Россия Каспий ва Қора денгиз минтақаларидан мамлакатнинг муҳим инфратузилмасига 76 та ракета учирди. Улардан 60 таси ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган.

Портлашлар бир қатор шаҳарларда — Киев, Харьков, Запорожье, Днепр ва Кривой Рогда қайд этилган.

Киевда энергия инфратузилмасига зарар етказилиши сабабли сув таъминотидаги узилишлар, деди пойтахт мэри Виталий Кличко. Метрода поездлар ҳаракати тўхтатилган.

Харьков бутунлай электр таъминотисиз қолди, дея маълум қилди шаҳар раҳбари Игорь Терехов. У: «Улкан инфратузилма, биринчи навбатда, энергетика тизими вайрон бўлмоқда», — деди ва аҳолининг уйларида нафақат ёруғлик, балки иситиш ҳам йўқ, сув таъминоти ҳам узилганини қўшимча қилди.

Полтава вилоятида Полтава бутунлай электрсиз қолди, дея маълум қилди шаҳар мэри Александр Мамай.

Кривой Рог шаҳрида ракета зарбаси натижасида турар-жой биносига кириш жойларидан бири вайрон бўлган. Икки киши ҳалок бўлди, яна беш киши яраланди. Қурбонлар орасида икки бола ҳам бор, дея хабар берди Днепропетровск вилояти маъмурияти раҳбари Валентин Резниченко.