Қозоғистоннинг KEGOC электр тармоқларини бошқариш компанияси энергия тақчиллиги сабабли мамлакат шимоли, жануби ва ғарбидаги саноат корхоналарига электр энергияси истеъмолида вақтинчалик чекловлар жорий қилди, дея хабар қилинди оператор сайтида.

«Қозоғистон ЯЭТ (ягона электр тизими) ишончли ишлашини таъминлаш учун жиддий номутаносиблик шароитида тизим оператори Қозоғистон энергетика тизимининг Шимолий, Жанубий ҳамда Ғарбий зонасида йирик саноат корхоналари томонидан электр энергияси истеъмолига чекловлар жорий этилишини ўз ичига олувчи „Авария“ режимини эълон қилишга мажбур. Шу билан бирга, тизим оператори учун аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш устувор вазифа ҳисобланади», — дейилади пресс-релизда.

KEGOC маълумотларига кўра, декабрь ойида Қозоғистонда электр энергияси истеъмоли сезиларли даражада ошди ва 7 декабрда Қозоғистон энергетика тизимининг бутун тарихидаги максимал истеъмол қайд этилди — 16 459 МВт, мамлакат электр станцияларининг умумий ишлаб чиқариш қуввати эса атиги 15 203 МВтни ташкил этди. Тақчиллик Россиядан режадан ташқари оқимлар ҳисобига қопланди.

«Электр энергиясига бўлган эҳтиёжни қоплаш учун ишлаб чиқаришдаги тизимли танқислик Қозоғистон электр станцияларида тез-тез авариявий ва режадан ташқари таъмирлаш ишлари олиб борилиши туфайли юзага келмоқда», — дейилади ҳисоботда.

Декабрь ойи бошида компания Қозоғистонда кучли совуқ туфайли электр энергияси истеъмоли ортганини маълум қилган эди.

Қозоғистон электр энергияси ва қувватлар бозори оператори (КОРЕМ) маълумотларига кўра, 14 декабрь куни Қозоғистон электр станциялари 356,7 млн кВт/соат энергия истеъмол қилиниши шароитида 350,8 млн кВт/соат энергия ишлаб чиқарган. Шу билан бирга, йил бошидан буён сальдо ижобий бўлиб қолмоқда — 106 млрд 731 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 106 млрд 683 млн киловатт/соат истеъмол қилинган.