15 декабрга ўтар кечаси, Тошкент вақти билан 00:00 да Қатарда бўлиб ўтаётган ЖЧ-2022`нинг иккинчи ярим финалига — Франция ва Марокаш ўртасидаги баҳсга старт берилди. Мусобақа сенсациясига айланган Марокаш терма жамоаси юлдузли Франция терма жамоаси билан тенгма-тенг олишга ҳаракат қилди, бироқ францияликлар жавобсиз иккита гол уришга муваффақ бўлишди.

Франция — Марокаш 2:0

Франция терма жамоаси чорак финалда Англия билан куч синашди ва 1:2 ҳисобида ундан устун келди. Марокаш терма жамоаси эса чорак финалда Португалия терма жамоасини мусобақадан чиқариб юборди ва Испания билан бўлиб ўтган нимчорак финалдан сўнг иккинчи сенсацион натижани қайд этди.

Франция — Марокаш баҳси «Ал-Байт» стадионида, 68 294 нафар томошабин қаршисида бўлиб ўтди. Ўйинни мексикалик ҳакам Сесар Артуро Рамос бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқарди. Ўйинда тўпга эгалик қилиш бўйича Марокаш терма жамоаси устун келди: 39% га 61%. Зарбалар бўйича ҳисоб — 9:8, Франция терма жамоаси олдинда. Бироқ аниқ зарбалар бўйича ҳисоб тенг бўлди — 3:3. Бу галги ўйипда Марокаш дарвозабони Буну сейв амалга ошира олмади, Уго Льорис эса икки марта сейв амалга оширди. Марокашликларда гол уриш учун ўйин давомида кўпгина яхши вазиятлар бўлди, аммо бундан унумли фойдалана олишмади.

Франция терма жамоаси 5-дақиқадаёқ ўйиндаги ҳисобни очди. Голни Тео Эрнандес киритди. Мбаппе икки марта дарвозага зарба йўллашга ҳаракат қилди, аммо марокашликлар бунга ҳалақит қилишди, охир-оқибат Тео Эрнандес узоқ бурчакка қараб келаётган тўпни чап оёоғи билан дарвозага тўғирлаб қўйди.

жч-2022, футбол, қатар

Фото: Reuters

10-дақиқада Марокаш терма жамоаси ҳисобни тенглаштириши мумкин эди, бироқ Уго Льорис сейв амалга оширди. Марокаш терма жамоаси футболчилари Мбаппени жуда яхши қўриқлашди. Бироқ бу унга ўйиндаги иккала голда ҳам иштирок этишга, аниқроғи ҳужумда асосий рол ўйнашга ҳалақит қила олмади. У 36 дақиқада ҳатто бирга-бир вазиятга чиқди, аммо Буну унинг зарба йўллашига ҳалақит қилди.

жч-2022, футбол, қатар

Фото: Reuters

44-дақиқада Марокаш терма жамоаси бурчак тўпи ишлаб олди. Ҳаким Зиеш амалга оширган бурчак тўпидан сўнг тўп Ал Ямик томон йўл олди, у эса дарвозага қайчи услубида зарба берди. Аммо зарба дарвоза тўсинига бориб тегди. Мусобақанинг энг чиройли зарбаларидан бири! Балки гол бўлганида энг чиройли гол номинациясига номзод бўлар эди.

жч-2022, футбол, қатар

Фото: Reuters

60-дақиқаларда Франция терма жамоаси голга бир неча бор яқин келди. 79-дақиқадаги ҳужумда тўпга эгаллаб олган Мбаппе ўз дриблинги билан 3−4 нафар Марокаш футболчисини ўз атрофига тўплади ва ушбу позициядан тўпни дарвоза тўсини томонга йўналтирди. Ўша атрофда турган Коло-Муани эса бу вазиятда хато қилмади ва тўпни осонлик билан дарвозага йўналтирди. Ҳисоб — 2:0!

жч-2022, футбол, қатар

Фото: Reuters

Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида Марокаш терма жамоаси кетма-кет ҳужумлар амалга оширди, бироқ ҳужумларни голга айлантира олишмади. Ўйин 2:0 ҳисоб билан якунланди. Франция терма жамоаси финалга йўл олмоқда. У ерда францияликлар Аргентина терма жамоаси билан кубок учун курашади. Марокаш терма жамоаси эса Аргентинага мағлуб бўлган Хорватия терма жамоасига қарши мусобақанинг учинчи ўрини учун баҳс олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2022`нинг учинчи ўрин учун бўладиган ўйини 17 декабр куни соат 20:00 да бўлиб ўтади. Финал учрашуви эса 18 декабр соат 20:00 да бошланади ва учрашувдан сўнг мусобақа ғолиблари тақдирланади.