Қатарда бўлиб ўтаётган футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионатининг чорак финал босқичи сенсацияларга бой руҳда ўтди. Чорак финал баҳсларининг иккитасида: Хорватия — Бразилия ҳамда Нидерландия — Аргентина учрашувларида кучлар тенг бўлиб, ғолиб пеналтилар серияси орқали аниқланди. Чорак финал учрашувларининг иккинчи кунида Марокаш — Португалия ҳамда Англия — Франция баҳслари бўлиб ўтди. Биринчи ўйинда сенсацион тарзда марокашликлар ғалаб қозонган бўлса, финалга тенг ўйин деб таъриф берилган иккинчи ўйинда Франция терма жамоасининг қўли баланд келди.

Хорватия — Бразилия 1:1 (пеналтилар сериясида 4:2)

Хорватия терма жамоаси нимчорак финалда Японияни мағлуб этган эди. Қизиқ томони шундаки, ўша учрашувда ҳам кучлар тенг бўлиб, жамоалар ўз кучларини пеналтилар серияси орқали аниқлаб олишган эди. Бразилия терма жамоаси эса бундан олдинги босқичда кореяликлар билан баҳсда 4:1 ҳисобида ғалаба қозонишган эди. Кўпчилик футбол мухлислари бразилияликлар хорватларга имкон қолдирмаса керак деб ўйлаётган эди. Аммо ЖЧ баҳслари сенсацияларсиз қизиқ бўлмаганидек, Хорватия терма жамоаси ушбу чемпионатнинг биринчи рақамли фаворитини мусобақадан чиқариб юборди.


Хорватия — Бразилия учрашуви Education City стадионида бўлиб ўтди ва ўйинни томоша қилиш учун 43 893 нафар мухлис ташриф буюрди. Учрашув давомида тўпга эгалик қилиш кўрсаткичлари тенг — 50% га 50%. Аммо Бразилия терма жамоаси Хорватия дарвозасини 14 марта ўққа тутди ва шундан 11 таси дарвозага аниқ борган. Хорватлар эса Бразилия дарвозасига 6 тўп йўллаган ва фақат биттасигина дарвозага аниқ борган. 11 та аниқ зарба 1 та аниқ зарбага қарши, ҳисоб эса 1:1. Бу хорватияликларга гол уриш учун яримта вазиятнинг ўзи ҳам етарли эканлигини кўрсатади. Бу ерда, албатта Хорватия терма жамоаси дарвозабони — Ливаковични ҳам эътироф этиш лозим — у ўйин давомида 11 та сейв амалга оширди. Бразилия дарвозабони ҳисобида битта ҳам сейв йўқ. Очиғи, ўйиндаги деярли барча хавфли вазиятлар Хорватия дарвозаси олдида юзага келтирилди.


Ўйиннинг асосий вақтида ҳисоб очилмади — 0:0. Жамоалар қўшимча бўлимга ўтишди. Биринчи қўшимча бўлимнинг охирида Неймар Хорватия дарвозасини ишғол қилди ва ўйинда бурилиш ясади. Бразилия терма жамоасининг голи ҳудди эртами-кечми содир бўлиши керак ҳодисадек туюлаётган эди. Биринчи қўшимча бўлим якунланди.
Қўшимча бўлимлар якунланишига 3 дақиқа қолганда Хорватия терма жамоаси ҳисобни тенглаштирди! Петкович Бразилия дарвозасини ишғол этди. Битта аниқ зарба ва битта гол. Стадиондаги Бразилия мухлислари билан Хорватия мухлисларининг эмоциялари бирдан алмашиб қолди. Бразилияликлар воқеалар ривожи умуман ёқмаяпти. Вақт тугади, ҳисоб 1:1, энди ғолиб пеналтилар серияси орқали аниқланади.


Биринчи зарбани хорватияликлар берди. Влашович пеналтилардаги ҳисобни очиб берди. Родригонинг зарбасини эса Ливакович қайтарди. Пеналтилар серияси бразилияликлар учун биринчи зарбаларданоқ ёмон бошланди. Кейинги зарбаларни иккала томон ҳам қойилмақом тарзда амалга оширди. Бироқ тўртинчи зарбага навбат келганда, Маркиньос дарвоза тўсинига зарба берди. Хорватияликлар тўртта зарбанинг биронтасидаям бразилияликларни аяб ўтиришмади ва уларни мусобақадан чиқариб юборишди. Хорватия терма жамоаси ярим финалда! Бразилия эса шу ерда мусобақани якунлайди. Эҳтимол уларнинг ўзлари ҳам бугун Хорватияни осонлик билан енгамиз деб ўйлашгандир. Аммо футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин.

Нидерландия — Аргентина 2:2 (пеналтилар сериясида 3:4)

Нидерландия терма жамоаси нимчорак финалда АҚШ терма жамоасини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратган эди. Аргентина эса австралияликлар устидан 2:1 ҳисоби билан ғалаба қозонишганди. Ушбу жамоалар жаҳон чемпионатлари тарихида ҳам кўп бор ўзаро тўқнашишган. Ушбу баҳсда ҳам футбол мазмунида, ҳам ўз маъносида жуда кўп тўқнашувлар бўлди. Ушбу ўйинда ЖЧ учрашувларида доирасида рекорд янгиланди: баҳс давомида футболчиларга 18 та сариқ карточка кўрсатилди. Бунгача энг кўп сариқ карточка 2002 йилдаги ЖЧ`да Камерун — Германия учрашувида кўрсатилган (12 та сариқ, 2 та қизил карточка).

Нидерландия — Аргентина учрашуви Лусаил стадионида 88 235 нафар томошабин қаршисида бўлиб ўтди. Ўйинда тўпга эгалик қилиш бўйича кўрсаткичлар деярли тенг бўлди. Зарба бериш бўйича статистика эса 3:10, Аргентина олдинда. Аниқ зарбалар бўйича ҳисоб: 2:5. Баҳс давомида Нидерландия футболчилари 30 маротаба, Аргентина футболчилари эса 18 маротаба қўполлик ишлатган.


Ўйиндаги ҳисоб 35-дақиқада Аргентина терма жамоаси томонидан очилди. Мессининг пасидан сўнг, Науэль Молина Нидерландия дарвозасини ишғол қилди — 0:1. 2-бўлимнинг бошида аргентиналиклар яна бир неча бор голга яқин келишди, аммо бироз аниқлик етишмади. Айрим вазиятларда эса Нидерландия дарвозабони қутқариб қолди. 71-дақиқада Нидерландия дарвозасига пеналти белгиланди. Месси эса дарвозабон Ноппертни доғда қолдирди. Ҳисоб — 0:2! Маълум бир вақтгача Аргентина ушбу баҳсда сўзсиз ғолибдек туюлаётганди. Аммо 83-дақиқада Нидерландия терма жамоаси фарқни қисқартирди. Вегорстнинг голи ва ҳисоб — 1:2.


Ҳакам асосий вақтга 10 дақиқа қўшиб берди. Майдонда эса ҳақиқий жанг кетмоқда — иккала маънода ҳам. Нидерландия терма жамоаси кетма-кет ҳужумлар уюштирмоқда. Қўшиб берилган дақиқаларнинг охиргисида Вегорст яна гол уришга муваффақ бўлди, ҳисоб — 2:2! «Даҳшат» ўйин, шунчаки ажойиб. Ҳакам хуштагини чалмоқда. Энди ўйин қўшимча бўлимларга ўтади.

Аммо қўшимча бўлимларда жамоалардан қўпол ўйиндан бошқа нарса кўрмадик, ҳисоб сақланиб қолинди. Навбат пеналтилар сериясига. Нидерландлардан биринчи зарбани Виржил ван Дейк йўллади. Дарвозабон Эмилиано Мартинес унинг зарбасини қайтарди! Аргентина терма жамоасида эса биринчи зарбани Месси тепди. Ва у Нопперт дарвозасини иккинчи бор ишғол этди. Мартинес нидерландияликларнинг (Бергейс) иккинчи зарбасини ҳам қайтарди. Навбатдаги икки гал зарбаларда иккала жамоа аъзолари ҳам хатога йўл қўйишмади. Пеналтилар бўйича ҳисоб 2:3 ва навбатдаги зарбани Энцо Фернандес берди. Аммо у гол ура олмади. Пеналтилар давом этади. Люк Де Йонгнинг зарбаси — 3:3. Ҳозир Лаутаро Мартинес зарбани голга айлантира олса Аргентина ярим финалга чиқади, агар ура олмаса, сериялар давом этади. Лаутаро Мартинеснинг зарбаси ва гол. Иккала Мартинес (Эмилиано ва Лаутаро) Аргентина терма жамоасини ярим финалга олиб чиқди. Нидерландия терма жамоаси эса мусобақани ушбу босқичда якунлайди.


Марокаш — Португалия 1:0

Марокаш терма жамоаси нимчорак финалда Испанияни пеналтилар сериясида мағлуб этган ҳолда ушбу босқичга йўл олди. Испаниянинг марокашликларга мағлуб бўлиши, ўйиндаги энг асосий сенсациялардан бири деб қаралаётган эди. Аммо Марокаш бу сафарги жаҳон чемпионатига бошқача сюрпризлар ҳам тайёрлаб қўйганини исботламоқда. Португалия терма жамоаси эса нимчорак босқичида Швейцария терма жамоасини тор-мор (6:1) этган эди. Кўпчилик мухлислар Португалиянинг кучи финалгача чиқишга етишини таъкидлашган бўлишса, яна бошқа мухлислар финалда Аргентина ва Португалия тўқнашувини кўришни хоҳлашаётганини айтишганди. Аммо Марокаш терма жамоаси Португалияни мусобақани шу ерда тўхтатишга мажбур қилди.

Марокаш — Португалия баҳси «Ал-Тумама» стадионида 44 198 нафар мухлис қаршисида бўлиб ўтди. Учрашувда Португалия терма жамоаси тўпга эгалик қилиш бўйича яққол пешқадам бўлди — 27% га 73%. Зарбалар бўйича кўрсаткичлар эса тенг — ҳар бир жамоа 9 тадан зарба йўллаган ва ҳар бирида 3 тадан аниқ зарба. Мана шу учта зарбалардан бирини фақат Марокаш терма жамоаси голга айлантира олди ва шунинг эвазига ғалабани илиб кетди.


Ўйиндаги ягона гол 42-дақиқада Ан-Насири томонидан киритилди. Ҳаводан узатилган тўпга Португалия дарвозабони Диогу Кошта ҳам югуриб чиқди, аммо тўпга Ан-Насири биринчи улгурди ва дарвозани ишғол қилди.


Ўйиннинг қолган қисмида португалияликлар ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилишди, аммо марокашликлар ҳимояда ҳам аниқ ҳаракат қила олишди. Ҳатто айрим вазиятларда қарши ҳужум орқали иккинчи голни киритишга ҳам яқин келишди. Португалияга Фернандеш ҳам, Фелиш ҳам, Рамуш ёки иккинчи бўлимда заҳирадан ўйинга тушган Роналду ҳам ёрдам бера олмади.


Ҳисоб 1:0, Португалия терма жамоаси мусобақани тарк этди. Марокаш эса Африка мамлакатлари орасида ярим финалгача етиб келган илк жамоа сифатида тарихга кирди. Сенсацион натижа. Олдин Испанияни, кейин Португалияни чиқариб юборишди.

Англия — Франция 1:2

Англия терма жамоаси нимчорак финалда Сенегални 3:0 ҳисобида мағлуб этди ва чорак финал босқичидаёқ ўта жиддий рақиб — Франция терма жамоасига дуч келишди. Францияликлар эса нимчорак босқичида Польшани 3:1 ҳисобида мағлуб этишган эди. Англия терма жамоасидан бу сафарги чемпионатда катта натижа кутилган эди. Аслида, ушбу жамоадан ҳар сафар катта натижа кутилади, аммо жамоа гўёки барча имкониятларини ишга сола олмаётган жамоа сифатида таассурот уйғотади. Бир томондан Франция терма жамоаси ҳам жиддий рақиб… Ушбу жамоалар ўртасидаги баҳс «финалга татигулик ўйин бўлади» дейилгани бежиз эмас.

Англия — Франция учрашуви «Ал-Байт» стадионида бўлиб ўтди ва ўйинни томоша қилиш учун 68 895 нафар мухлис ташриф буюрди. Ўйинда тўпга эгалик қилиш борасида Англия терма жамоаси бирозгина устунлик қилди: 57% га 43%. Англияликлар 12 та зарба йўллашди, шундан 8 таси дарвозага аниқ етиб борди. Франция терма жамоаси эса 7 та зарба йўллади, 5 таси аниқ. Дарвозабонлар ўртасидаги курашда эса Уго Льорис устунлик қилди — у 6 та сейв амалга оширди (Пикфорд эса — 3 та).

Учрашувдаги биринчи голни 17-дақиқада Тчуамени киритди ва Франция терма жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди — 0:1.

Англия терма жамоаси биринчи бўлимнинг ўзида ҳисобни тенглаштириши мумкин эди, бунинг учун жамоада бир нечта қулай вазиятлар бўлди. Аммо хавфли вазиятларда англияликларга ёки аниқлик етишмади, ёки дарвозабон Льорис қаҳрамонлик кўрсатди.

Биринчи бўлим Франция терма жамоасининг 0:1 ҳисобидаги устунлиги билан якунланди. Иккинчи бўлимда, аниқроғи 52-дақиқада Франция дарвозасига пеналти белгиланди ва Харри Кейн бундан қойилмақом тарзда фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди — 1:1.

Кейинги дақиқаларда Англия терма жамоаси энди ғалаба голини уриш учун ҳаракатни бошлади. Аммо кўпсонли ҳужумлар самара бермади. 78-дақиқада эса Жиру боши билан зарба бериб, Англия дарвозасини ишғол қилди. Франция яна ҳисобда олдинга чиқиб олди — 1:2. Англия ҳисобда олдинга чиқишга уриниб, мақсадига эриша олмаётган бир пайтда, францияликлар яна ҳисобда олдинга чиқиб олишмоқда. 82-дақиқада Франция дарвозасига яна пеналти белгиланди. Францияликлар жарима майдончаси ичида Маунтга нисбатан қўполлик ишлатишди. Харри Кейн пеналтидан яна гол ура оладими? Афсуски, йўқ. У тўпни дарвозага аниқ йўллай олмади, тўп дарвоза тўсинидан баландга ўтиб кетди. Англия терма жамоасида ҳисобни тенглаштириш учун ажойиб имконият бўлган эди. Ҳисоб ўзгармади.

Ҳакам ўйинга 8 дақиқа вақт қўшиб берди. Англия ҳужумлардан самарали фойдалана олмади. Ўйин тугади, ҳисоб — 1:2. Франция терма жамоаси ярим финалда. Англия терма жамоаси эса чемпионатни шу жойда тарк этмоқда. Чиндан ҳам, финалга тенг учрашув.

Маълумот учун, чорак финал босқичи ғолиблари энди ярим финалда ўзаро тўқнаш келишади. Хорватия — Аргентина баҳси 14 декабр, соат 00:00 да, Марокаш — Франция учрашуви эса 15 декабр, соат 00:00 да бўлиб ўтади.