Ўзбекистонда «бир жинсли шахслар ўртасидаги ғайритабиий муносабатлар»ни оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, интернетда, жумладан, блоггерлар томонидан тарғибот қилишни тақиқлаш режалаштирилмоқда. Бу ибора Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган ва муҳокамага қўйилган Ахборот кодекси лойиҳасида келтирилган.

Кодекс ахборотлаштириш, ахборот олиш эркинлиги, журналистика ва ОАВ, давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳаларига оид саккизта амалдаги қонунларни бирлаштириши керак.

«Бир жинслилар ўртасидаги ғайритабиий алоқаларни тарғиб қилиш» ибораси амалдаги қонунларда мавжуд эмас, бироқ таклиф этилаётган кодекс лойиҳасининг икки моддасида учрайди:

45-модда. Интернет жаҳон ахборот тармоғида ахборот хавфсизлигини таъминлаш (ушбу модда Ахборотлаштириш тўғрисидаги қонуннинг 12−1-моддаси «Ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш»нинг тўлдирилган шакли ҳисобланади:

«Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг ёхуд бошқа ахборот ресурсининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан ёхуд бошқа ахборот ресурсидан… порнографияни, зўравонликни ва шафқатсизлик, бир жинслилар ўртасидаги ғайритабиий алоқаларни тарғиб қилиш, шунингдек ўз жонига қасд қилишга даъват этиш… мақсадларида фойдаланилишига йўл қўймаслиги шарт».

54-модда. Оммавий ахборот воситалари эркинлигини суиистеъмол қилишга йўл қўйилмаслиги (ОАВ тўғрисидаги қонунинг шу номдаги 6-моддасининг тўлдирилган шакли):

«Оммавий ахборот воситаларидан… порнографияни, бир жинслилар ўртасидаги ғайритабиий алоқаларни тарғиб этиш… мақсадида фойдаланилишига йўл қўйилмайди».

Кодекс лойиҳасида «блогер» тушунчаси амалдаги қонунчиликдаги каби ўзгартиришсиз қолдирилган: «Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа хусусиятга эга ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс».