Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Бош прокуратура, ИИВ, ДХХ, Миллия гвардия, Энергетика вазирлигига электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланишлар, ўғирликлар бўйича назоратни кучайтиришни топширди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Вилоят ҳокимларига ўн кун муддатда объектларга бирма-бир бориб кўриб, шароит ва аҳолига хизмат сифатини яхшилаш, энергия сарфи ва йўқотишларни камайтириш бўйича таклиф бериш топширилди.

«Бугундан бошлаб ҳокимлар, сектор раҳбарлари ҳамма кучини сафарбар қилиб, шароит оғир маҳаллаларда одамларни рози қилиш билан шуғулланиши кераклиги таъкидланди», — дейилади хабарда.

Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев. Фото: Президент матбуот хизмати.Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев. Фото: Президент матбуот хизмати.

«Умуман, энергия ресурслари таъминотидаги бугунги вазият тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари учун катта сабоқ бўлиши лозим. Энергия таъминоти „қўл бошқаруви“ орқали эмас, тизим асосида ишлаши керак», — деди давлатимиз раҳбари.

Икки ой муддатда энергия таъминоти тизимини ўзгартириш, янги талабларга мослаштириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, Аи-80 маркали бензин нархини тушириш учун 1 мартгача жорий этилган акциз солиғидан озод қилиш имтиёзи жойларда «ўйинга айланиб кетмаслиги» кераклиги қатъий кўрсатиб ўтилди.

Бош прокуратура ва Монополия қўмитасига вилоят ҳокимлари билан бирга:

  • биржа савдоларида ва ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин нархининг сунъий ошиб кетишининг олдини олиш чораларини доимий кўриб бориш;
  • суюлтирилган газ ва кўмирни аҳолига ўз вақтида етказиб бериш устидан қатъий назорат ўрнатиш топширилди.

Аввалроқ худди шу мажлисда бугунги оғир вазиятда электр ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланишлар, ўғирликлар давом этаётгани, бунга жойлардаги раҳбарлар бефарқ ва шерик бўлаётганига чидаб бўлмаслиги қайд этилганини хабар қилган эдик.

Декабрь ойи бошидан қарийб 3 мингта, сўнгги икки кунда эса 1,5 мингта бундай ҳолат аниқланди. Улар айниқса, Фарғона (617 та), Андижон (325 та), Самарқанд (252 та), Наманган (220 та), Сирдарё (218 та), Тошкент шаҳрида (269 та) кўп.