16 ноябрдан бошлаб тунги вақтларда кўчани ёритиш чеклангани, унинг ортидан кунлик истеъмол сарфи 25 фоизга камайгани ҳақида хабар қилинганди. «Тошшаҳарнур» чеклов тугатилишини маълум қилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг топшириғига асосан, 2022 йил 13 декабр соат 17:00 дан Тошкент шаҳрининг марказий, туман аҳамиятидаги ва маҳаллалар, мавзелар ҳамда даҳаларининг ички кўчаларда электр энергиясини тежаш мақсадида жорий қилинган чекловлар олинади.

Тошкент шаҳридаги мавжуд кўча чироқлари, иллюминация чироқлари 100 фоиз ёқилади.

Мазкур лойиҳадан олдин кўчаларни ёритишда 116,8 минг энергия кўп талаб қиладиган ёритиш мосламалари ишлатилган ва электр энергияси истеъмоли йилига ўртача 62 млн 240 минг кВт соатни ташкил этган. Бугунги кунда ёритгичлар умумий сони 140 мингтага яқинлашиб қолган бўлсада, электр энергиясининг ўртача йиллик истеъмоли 40 млн 7 минг кВт соатни ташкил қиляпти.

2022 йилнинг 9 ойи давомида 29 млн 510 минг кВт соат (13 млрд 279,8 млн сўмлик) электр токи, шу жумладан, иллюминацияли чироқлар 183,7 минг кВт соат ёки 82,7 млн сўм (умумий истъемолнинг 0,63 фоизи) истеъмол қилинди.

Бу кўрсаткич бир ойда ўртача — 3 млн 278,9 минг кВт соат ёки 1 млрд 475,5 млн сўмни ташкил қилди. Иллюминация чироқлари мос равишда 20,4 минг кВт соат ёки 9,2 млн сўмга етди.

Бир кунлик ўртача сарф — 109,29 минг кВт соат ёки 49,2 млн сўмни, жумладан, иллюминация чироқлари 0,68 кВт соат ёки 306 минг сўмни ташкил этяпти.