АҚШ Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан давлат чегарасини демаркация қилиш бўйича келишувга эришганини олқишлайди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 12 декабрь куни Вашингтонда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан музокаралар бошланишидан олдин айтиб ўтди (видео).

«Менимча, бу минтақадаги ва ундан ташқаридаги кўпчиликка бундай масалаларни ҳал қилишда дипломатия имкониятларининг аҳамияти тўғрисида кучли сигнал юборади», — деди Давлат департаменти раҳбари.

Владимир Норов мамлакат делегацияси бошчилигида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги Стратегик шериклик мулоқотининг иккинчи йиғилишида иштирок этиш учун АҚШга келди.

«Жорий йилда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва стратегик шериклигимизнинг 20 йиллиги нишонланмоқда», — деди Ўзбекистон ТИВ раҳбари.

«Ўтган йиллар давомида ҳамкорлигимиз „C5+1“ формати (Марказий Осиёнинг бешта давлати ва АҚШ — таҳр.) доирасидаги икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликнинг барча йўналишларида сезиларли ўсди», — деди у ва Ўзбекистон бунда доимий қўллаб-қувватлашни юксак қадрлашини қўшимча қилди.

Музокараларда томонлар савдо ва инвестиция, фан-техника, таълим ва инсон тараққиёти соҳаларида икки томонлама муносабатларни кенгайтиришнинг умумий устувор йўналишларини муҳокама қилиш ниятида, дея қўшимча қилди Владимир Норов. Шунингдек, хавфсизлик масалалари ва Афғонистондаги вазият муҳокама қилинади.

Энтони Блинкен Қўшма Штатлар «Ўзбекистон суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги» тарафдори эканини таъкидлади.

Қолаверса, у Қўшма Штатлар «ислоҳотлар, жумладан, диний эркинлик, мажбурий меҳнат бўйича олиб борилаётган ишларни» юксак қадрлашини таъкидлади.

Ноябрь ойи охирида Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари икки давлат ўртасидаги давлат чегарасини демаркация қилиш бўйича битимни ва Андижон (Кампир-Обод) сув омборини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни имзолаганди.