Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани ҳокими ёрдамчиси Т.Ж. таъсисчилигида 3 та тадбиркорлик субъекти ташкил этган. У шу ташкилотлардан бирига 12 ҳолатда фуқароларнинг 371,5 млн сўм кредит маблағлари ўтказиб бергани аниқланди. Бу бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Сирдарё вилоятида ўрганиш ўтказилган.

Аниқланишича, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратилган имтиёзли кредитлар мақсадсиз ишлатилган, таъминотчи корхоналар томонидан фуқароларга етказиб берилиши мумкин бўлган товарлар харид қилинмаган ҳамда маблағлар мақсадсиз сарфланган.

Ўрганиш натижалари бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун Бош прокуратурага юборилди ва прокуратура мазкур ҳолат бўйича терговга қадар текширув ўтказди.

Унга кўра, Боёвут тумани ҳоким ёрдамчиси Т.Ж.га ва бошқаларга нисбатан 3 ноябрь куни жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми «в», «г» бандлари ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.