Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани Чиял ҳудудида жойлашган туғруқхонада электр токи йўқлиги оқибатида чақалоқлар ва уларнинг оналари совуқда қолгани айтилган видео тарқалди.

Видеотасвирда аёллар шифохонада аҳвол оғирлигини, 24 соатдан буён электр токисиз ўтиришганини айтиб, чақалоқлар музлаб қолаётганини қайд этган.

«Бизга умуман «свет» бермай қўйди. Шифохоналаримизда аҳвол оғир, чақалоқларимиз иккита-учталаб кўрпа ўраниб-чирманиб турган ҳолда ҳам совуқда музлаб ётибди. Кеча тушликдан бери «свет» йўқ. Бу қандай аҳвол? Отопленияларимиз, газимиз ҳам «свет»га ишлайди. Ҳеч бўлмаса шифохонага «свет» беринглар, илтимос сизлардан», — дея таъкидлайди даволанувчилар.

Ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги матбуот хизмати муносабат билдирар экан, туғруқ бўлимига ҳоким бошчилигидаги ишчи гуруҳ бориб, вазиятни ўрганганини маълум қилди.

«Ўрганиш натижасида маълум бўлишича, 11 декабрь куни тонгги 03:30 атрофида электр тармоғидаги кучланиш сабабли электр таъминотида узилиш кузатилган. Аммо туғруқхонада иситиш тизими (отопления)да узилиш бўлмаган ва айни дамда ишлаб турибди», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Бироқ ҳокимлик берган муносабат видеода аёллар ҳолатни кўрсатиб айтган гапларга мос келмаслигини кўриш мумкин. Улар бир суткадан буён электр энергияси ва газ йўқлиги ҳақида гапиришган, буни шифохона ҳамширалари ҳам тасдиқлаган.

Айни дамда туғруқхонада 8 нафар чақалоқ бўлиб, шулардан 7 нафари туғилганига 3 кундан ортиқ муддат бўлгани сабабли уйига жавоб берилган, 1 нафари эса марказий касалхона туғруқ бўлимига кўчирилган.

«Ҳозирда Қашқадарё ҲЭТК ходимларининг тезкор ҳаракатлари билан электр таъминотидаги узилишни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Тумандаги бошқа ҳудудларда ушбу ҳолат такрорланмаслиги учун барча тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда», — дейилади муносабатда.

Ўз вақтида қўшимча генераторни ишга туширмай, муаммога совуққонлик билан қараган туман тиббиёт бирлашмаси ходимларига интизомий чора кўрилган.