Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов самарқандлик ва қашқадарёлик журналистларнинг Facebook`да ёзган изоҳи учун уларнинг ота-оналари сўроқ қилинган ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Аввалроқ, «Газета.uz» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаровнинг Facebook`даги (айнан қайсилиги аниқлаштирилмаган) изоҳи учун ота-онасининг уйига ИИБ тергов-қидирув бўлими ходими боргани ҳақида ёзгандик. Яна бир шундай ҳолат журналист Инобат Аҳатова билан содир бўлган.

«Маълум бўлишича, Самарқанд вилояти Нарпай тумани ҳамда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар ИИБ раҳбариятининг шахсий ташаббуслари билан жамоатчилик фаоллари томонидан жамиятдаги турли ҳодисаларга ҳамда вақтинчалик қийинчиликларга холис ёндашишлари сўраб, И.Аҳатова ва Ш.Ҳайдаровнинг яқинлари билан суҳбат уюштирилган», — дейилади хабарда.

Вазирлик вакилининг қайд этишича, ҳозирги кунда жамиятда очиқлик ва шаффофликни таъминланиши, ижтимоий ҳодисаларга танқидий ёндашув фақатгина қувватланади. Айнан шуни учун жамоатчилик ва ОАВ вакиллари билан алоқаларни амалга ошириш Ички ишлар органларининг ахборот хизматлари орқали йўлга қўйилган ва таъминланиб келинмоқда.

«Ҳурматли журналистлар ва жамоатчилик фаоллари, юқоридаги ҳолат ўрганилди ва масъулларга танбеҳ берилди, келажакда Ички ишлар органлари ходимларининг жамоатчилик назорати билан боғлиқ фаолиятингиз бўйича сўровлар ёки таклифлар келиб тушганда Ички ишлар органларининг Ахборот хизматларига боғланишингизни сўраймиз», — дейилади Шоҳрух Ғиёсовнинг муносабатида.

Ҳолат қандай бўлган?

Шоҳрух Ҳайдаровнинг маълум қилишича, 9 декабрь куни тонгда унга нотаниш эркак қўнғироқ қилиб, ҳозир унинг ота-онаси яшайдиган уйга келганини, Шоҳрухнинг ўзи қаерда экани, қачон уйга келишини сўраб, у билан гаплашиб олиши кераклигини айтган. «Тинчликми, ким ўзи бу, десам, ИИБ тергов-қидирув бўлимиданман, Facebook’да бир изоҳ қолдирибсан, шунга, дея жавоб қайтарди», — дейди Ҳайдаров.

«Ана бошланди буёғи. Бечора онам бу нарсаларни у қадар тушунмайди, қон босими кўтарилиб кетибди. Отам хавфсираб алоҳида телефон қилдилар такрор. Хуллас, кап-катта йигит кишининг уйдагиларини тинчини бузишди, саломатлигини хавфга қўйишди. Кулгулиси, ИИО ходими бўла туриб, қаерда ўқишимни билмас экан, ваҳоланки буни профилимда ҳам ёзиб қўйганман катта қилиб», — деб ёзади у.

Шоҳрух Ҳайдаровнинг таъкидлашича, ўзини ИИО ходими деб таништирган шахс гап қайси изоҳ ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган, лекин кимнинг пости остида қолдирилганини айтган. «Дўсту яқинларим сиёсатга, бировнинг ҳаётига хавф соладиган изоҳ ёзмаслигим, тасдиқланмаган маълумот тарқатмаслигимни яхши билишади… Кимдир изоҳ берадими, акалар?», — деб мурожаат қилган журналист.

Шунингдек, Шоҳрух Ҳайдаров ижтимоий тармоқларда ёзилган изоҳ учун «алоҳида чақиртириш» тартиби бор-йўқлиги ҳақида қаердадир ёзилган-ёзилмаганига ҳам қизиққан. Журналистнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ИИО ходими суҳбат якунида «дам олиш кунлари уйга қайтсанг, телефон қилгин, гаплашиб оламиз», деб таъкидлаган.

Бир кун аввал шунга ўхшаш ҳолат журналист Инобат Аҳатова билан содир бўлган. Унга кўра, онаси туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига чақиртирилиб, унга қизининг Facebook’да ёзиб қолдирган постлари ҳақида «нега бундай ёзди, бу постида нега бунақа деган» каби саволлар берилган. Саволлар «соқол, диний мавзудаги фикрлар» ҳақида бўлган, аммо, журналистнинг қайд этишича, у бу мавзуларда «деярли умуман ёзмайди».

«Мен ҳозир 27 ёшдаман. Ўз ҳаракати, гапи учун ўзи жавоб бериши керак бўлган, муомала лаёқатига эга фуқароман. Ёши улуғ, мен учун саломатлиги ҳамма нарсадан қадрли бўлган ота-онамни бошқа овора қилманглар, бирор нарсани аниқлаштирмоқчи бўлсангиз, ўзимдан сўранг», — дея қўшимча қилган Инобат Аҳатова. «Бу иш орқали ота-онам ва менга руҳий босим қилмоқчи бўлишдими?», — деб савол қўйган журналист, 2022 йилги Конституция куни унинг хотирасида мана шундай хавотир билан эсда қолганини таъкидлаган.

Журналистлар билан содир бўлган бундай ҳолатларни жамоатчилик фаоллари қораламоқда. Хусусан, блогер Шаҳноза Соатова юз берган ҳолатни «ғалати» деб атаган. «Бу нима — англашилмовчиликми, ўзбошимчаликми, атай қилинган ишми, вояга етган инсоннинг сўзлари учун онасидан сўроқ сўраш қайси мантиқ ва қонунга кўра амалга оширилган — шу каби саволларга жавоб керак», — дея таъкидлаган у.