Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев энерго ресурслари тақчиллиги бўйича энг муҳокама қилинаётган саволларга жавоб қайтарди.

— Ўзбекистон агарда хориждан табиий газ импортини йўлга қўйса, бу мамлакатимизда энергия соҳасидаги муаммоларни тўлиқ бартараф этадими?

— Агарда етарли миқдордаги табиий газ импорти йўлга қўйилса, иссиқлик электр станциялари белгиланган режа асосида етарли миқдорда электр энергиясини ишлаб чиқариб, истеъмолчилар тўлиқ таъминланади. Аҳоли хонадонларидаги газ босими билан боғлиқ муаммолар ҳам ечилади.

Метан газ қуйиш шохобчаларига келадиган бўлсак, аҳоли газ тармоқларига уланган шохобчалар барибир маълум график асосида ишлаши керак, сабаби — совуқ кунларда кечки пайт овқат пишириш жараёнига салбий таъсир кўрсатмаслиги лозим. Аммо саноат коллекторлари орқали алоҳида қувур тортиб келган шохобчаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мумкин.

— Ўзбекистон ва чет эл компанияларини қайта кўриб чиқиб, улар қазиб олаётган газни ички бозорга йўналтириш имкони борми?

— Бугунги кунда хорижий ёки қўшма компаниялар томонидан қазиб олинаётган газ — тўлиқ ички истеъмолга йўналтириляпти. Ушбу газни экспорт қилиш ёки ички бозорга йўналтириш хорижий ёки қўшма корхоналар томонидан эмас, балки «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан белгиланади.

Ўзбекистон бош вазир ўринбосари, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов мамлакат қўшнилардан газни «қандайдир альянс ёки иттифоқ» орқали эмас, балки тижорат шартномаси доирасида импорт қилиш бўйича музокаралар ўтказилётганини маълум қилганди.