9 декабрь куни Тошкентда яшаб, ишлайдиган журналистларнинг Facebook`да ёзган постлари ва изоҳлари учун уларнинг Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида яшаётган ота-оналари билан «суҳбат уюштирилди». Бу ҳолат ушбу 2 журналист ва жамоатчилик фаолларида турли саволларни туғдириб, муҳокамаларга сабаб бўлди.

«Газета.uz» журналисти Шоҳруҳ Ҳайдаров ўзини ИИО ходими деб таништирган шахс гап қайси изоҳ ҳақида кетаётганига аниқлик киритмагани, лекин кимнинг пости остида қолдирилганини айтган. Журналист Инобат Аҳатова эса «Бу иш орқали ота-онам ва менга руҳий босим қилмоқчи бўлишдими?» — деган саволни берар экан, журналист 2022 йилги Конституция куни унинг хотирасида мана шундай хавотир билан эсда қолганини таъкидлади.

ИИВ матбуот хизмати бу ишлар ИИБ раҳбарларининг «шахсий ташаббуси» билан бўлгани ҳамда уларга танбеҳ берилганини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқ фаоллари, хусусан, блогер Хушнудбек Худойбердиев Twitter-саҳифасида буни «ўзи халқнинг сабр-косаси тўлиб турганда, дард устига чипқондек» бўлиб тургани ҳақида ёзди.

Ҳуқуқшуноснинг постида ҳам фаоллар ўзининг фикр-мулоҳазаларини қайд этишди:

Шунингдек, журналист Сардорбек Раҳмонқулов (ота-онаси билан суҳбат уюштирилган журналистлар унинг Facebook`даги постига изоҳ ёзгани айтилганди) ИИО ходимларидан фуқароларга ота-онаси орқали тушунтириш олиб боришни тўхтатишни сўради.

«Ҳурматли ИИО ходимлари, 18+ фуқароларга ота-онаси орқали тушунтириш олиб боришни тўхтатинг!

… «Ғафур Ғулом» истироҳат боғида ёш талабларга маҳаллийчилик қилган ИИО ходими ҳақида ёзган постим ҳақидамасмикин гап? Бундай постларнинг изоҳларига эътибор қилаётган ходимларимиз, ҳолат шов-шувга айлангач расмий муносабат бериб қўядиган ИИВ ўша постнинг ўзига ҳам эътибор қаратдими?

Нега оддий изоҳлар билан курашган тизим, мени ҳам чақириб, ўша пост учун кўрсатма олмади? Ахир ходим томонидан ҳамма дам оладиган истироҳат боғида бир қизни юлқилаб тортиб, омма олдида уятга қўйиб, боз устига маҳаллийчилик қилингани ёзилган эди-ку ўша постда?

Далил керак бўлса, тегишли жойда тақдим қилишимни ҳам айтгандим. Ўша постга шунчаки кўз юмилиб, 18 дан ошган фуқарони ота-онаси орқали сўроқ қилишяпти. Билишадики, ота-оналар: «Қўй болам, шу ишларингни қилма. Менга тинчлик керак», — дейишади.

Шуни айтмоқчиманки, менинг ёзаётган постларим ҳақида 600 км узоқдаги яқинларимнинг мутлақо хабарлари йўқ. Мен улар учун, улар мен учун жавоб бермаймиз. Қолганлар ҳам шундай. Бундай «ход» қилманг! Ўша эски пост бўйича ҳар қандай кўрсатма беришга гувоҳларим билан тайёрман! Изоҳини сўриштирибсиз, постни ҳам суриштиринг, масаланинг тагига етинг ва лойиқларни жазоланг", — деб ёзди у.

Адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатовада ҳам бу ҳолатда айрим саволлар пайдо бўлди: «Бу нима — англашилмовчиликми, ўзбошимчаликми ёки атай қилинган ишми?»

«Вояга етган инсоннинг сўзлари учун онасидан сўроқ сўраш қайси мантиқ ва қонунга кўра амалга оширилган — шу каби саволларга жавоб керак», — дея таъкидлади у.

Ҳуқуқшунос, блогер Зафарбек Солижонов эса шунча ислоҳотларга қарамай, ички ишлар тизими «ўзгаролмаётгани» ҳақида Facebook`да ёзиб қолдирган.

«Қўлимизда байроқ, тилимизда „инсон қадри учун“ шиорлари, устимизда янги Ўзбекистон ёзувлари туширилган кийимлар. Лекин „ички кийимларимиз“ ҳеч ўзгармадида. Ўзгаролмаяпмиз», — деди блогер.

Facebook тармоғи фаоли Фарруҳ Самарқандий ҳам бу ҳаракатларни қоралаб, пост ёзиб қолдирган.

«Президент орқага йўл йўқ деган пайти биз барча кўприкларни ёққанмиз. Ростданам орқага йўл йўқ. Аммо ИИБ орқага тортаяпти. Жаноб президент!» — дея келтиради у.

Ўзбекистон журналистика ва коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ҳам вазиятни муносабатсиз қолдирмади.

«Бугун эрталаб 4-босқич талабамиз Шоҳрух Ҳайдаровнинг Facebook`да қолдирган пости кайфиятимни тушуриб юборди. Чунки изоҳи учун Ички ишлар органлари унинг оила аъзоларига қўнғироқ қилгандан сўнг ота-она қандай ҳолатга тушишини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ота-онанинг соғлигига бу жараёнлар салбий таъсир қилади. Бу вазиятни бошидан ўтказган инсон билади. Талабамиз журналистик фаолиятини аллақачон бошлаб улгурган, битирувчи талаба. Ўзининг шахсий фикрига эга. Энг муҳими, у паспортини аллақачон олиб улгурган. Демак, балоғат ёшида. Ўзи учун ўзи жавоб бера олади. Аммо нима учун яна Шоҳрухнинг оила аъзолари безовта қилиняпти. Эскича тизимдан, эски сарқитдан қочамиз деймизу, аммо иш услубимиздан ҳалигача хайрлаша олмаяпмиз. Оғир бўлса ҳам янги йўлни танладикми, бу йўлдан оғишмайлик», — деди фан доктори Шерзодхон Қудратхўжа.

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев буни Тошкентдаги журналист-блогерларга Конституция куни муносабати билан совға, дея атади.

«Фейсбукдаги ёзган постлари/комментлари сабаб уларнинг вилоятларда яшайдиган ота-оналари ИИБга чақирилган ёки ИИО ходимлари келиб, уларнинг ота-оналарини сўроқ қилган. Юртим, адо бўлмас жинниликларинг бор…» деб ёзади журналист.