Тошкент ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти географик объектлар — кўчалар, майдонлар, метро бекатлари ва бошқаларга ном бериш бўйича таклифларни қабул қилиш учун geonom.tashkent.uz платформасини ишлаб чиқди. Ҳозирда сайт Тошкент метрополитенининг 19 та янги бекатига ном бериш бўйича таклифларни қабул қилмоқда. Таклифларни 11 декабргача юбориш мумкин.

Чоршанба куни эрталабгача шаҳарликлар жами 1100 дан ортиқ таклиф билан чиқишди. Асосан, тавсия этилган номлар метро станциялари яқинида жойлашган объектларнинг номлари билан боғлиқ.

Бундан ташқари, ўзига хос ғоялар ҳам мавжуд. Масалан, «Қўйлиқ» линиясининг «Бекат-5» станциясига «Роҳат» номидан ташқари «Artel заводи», «Бекат-3»га — Регистон, «Бекат-4»га — «Тож Маҳал», «Бекат-9»га — «Шоколадка», «Бекат-10»га — «Ўқитувчилар — келажак бунёдкорлари», Чилонзор линиясининг «Бекат-2» станциясига — «Алишер Усмонов» номларини бериш таклиф қилинмоқда.

Объектлар номи билан боғлиқ бўлмаган таклифлар орасида «Ислом Каримов» ва «Шараф Рашидов» бошқаларга қараганда кўпроқ учрайди.

Географик объектларга ном бериш масалаларида аҳолининг фикрини инобатга олиш имконияти 11 йил аввал қабул қилинган қонунга ўзгартишлар киритилганидан сўнг жорий йилнинг кузидан сўнг пайдо бўлди. Авваллари унда аҳоли фикрини инобатга олиш тартиби белгиланмаган эди.

Рақамли ривожланиш департаменти топонимика бўлими бошлиғи Анвар Жабборовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, аҳолининг фикрини ҳисобга олиш «фикрларни олиш ҳисобланиб, шундан сўнг давлат органлари таклифларни шакллантиради».

Географик объектларга ном бериш бўйича таклиф қандай киритилади?

Ҳозирча аҳолининг онлайн форматдаги фикрлари фақат Тошкент шаҳрида инобатга олиниши мумкин. Шунингдек, фақат пойтахтда доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтган Ўзбекистон фуқаролари ўз фикрларини билдириши мумкин.

Бошқа ҳудудлардаги аҳоли ўз фикрини фақат офлайн режимда билдириши мумкин. Офлайн формат Тошкентда ҳам мавжуд. Аҳоли ўз таклифларини оғзаки ва ёзма равишда туман, шаҳар ёки вилоят ҳокимлигига юбориши мумкин. Бироқ фуқаролар фикрлар тўпланаётгани ҳақида билишлари учун ҳокимият маълум бир географик объектга ном бериш режалаштирилаётгани, шу муносабат билан маъмурият муносиб номлар бўйича аҳолининг фикрини ўрганишни истаётганини эълон қилиши керак.

Таклифлар аноним тарзда киритилиши мумкин эмас. Аризада тўлиқ исм ва манзил кўрсатилиши керак. Сайтда паспорт маълумотларини киритиш лозим. Ишлаб чиқувчилар буни фуқароларнинг давлат идораларига доимо очиқ мурожаат қилишлари билан изоҳлайди.

Сайтнинг бош саҳифасида Тошкент харитаси акс эттирилган. Унда ном берилаётган барча объектлар белгиланади. Ҳар бир объектнинг карточкасида таклифларни қабул қилиш муддатлари ва фуқаролардан келиб тушган барча таклифлар кўрсатилган.

Аҳолининг таклифлари қандай мезонларга жавоб бериши керак?

  • Географик объект номи унинг энг аниқ белгиларига мос келиши керак. Масалан, кўча ёнидан анҳор ёки ариқлар оқиб ўтмаган бўлса, уни Анҳор бўйи деб номлаб бўлмайди;
  • Ном қўшни объектлар номларига мос келиши керак. Масалан, параллел жойлашган кўчалардан бирини Дўстлик кўчаси, иккинчисини эса Дўстлик 1-тор кўча деб номлаш мумкин эмас, чунки иккала объект ҳам кўча ҳисобланиб, улар ўртасида уларни боғловчи тор кўчалар бўлиши мумкин;
  • Ном танлашда маданий, тарихий, миллий, этник, лингвистик ва бошқа контекстни, шунингдек, маҳаллий аҳолининг ҳаёти ва хусусиятларини ҳисобга олиш керак. Масалан, шаҳар ҳудудида жойлашган кўчани Нью-Йорк кўчаси ёки Паркент қишлоғи деб аташ мантиққа тўғри келмайди.
  • Объектнинг номи учта сўздан иборат бўлмаслиги керак. Бунда предмет турининг номи — «кўча», «тор кўча», «парк» ва бошқалар ҳам алоҳида сўз сифатида ҳисобга олинади;
  • Шаҳардаги географик объектларга шахслар номини бериш мумкин эмас, Ўзбекистон ёки жаҳон тарихида чуқур из қолдирган инсонлар бундан мустасно. Жисмоний шахсларнинг исмлари вафотидан кейин берилиши мумкин ва бундай номларни бериш тўғрисидаги қарор президент томонидан қабул қилинади;
  • Шаҳарнинг турли қисмларидаги объектларга бир хил ном қўйилмайди. Чилонзор туманида Равон кўчаси бўлса, шаҳарнинг бошқа ҳудудларида бундай кўча бўлиши мумкин эмас.

Жамоатчилик таклифлари киритилгандан кейин нима бўлади?

Таклифларни қабул қилиш муддати тугагач, таркибига тарихчи, филолог, ўлкашунос ва топонимистлардан иборат комиссия овоз бериш мезонларига мос келадиган номларни танлайди. Агар фуқароларнинг таклифлари мезонларга жавоб бермаса ёки уларнинг сони кам бўлса, комиссия мустақил равишда ном вариантларини шакллантириши мумкин.

Комиссия овоз бериш учун танлаган барча вариантлар овоз бериш учун сайт саҳифасида кўрсатилади. Овоз бериш камида 15 кун давом этади. Овоз бериш якунланганидан кейин комиссия географик объектга ном бериш тўғрисида таклиф тайёрлайди ва уни Вазирлар Маҳкамасига ёки халқ депутатлари Кенгашларига юборади.