Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ижтимоий тармоқларда Қаршида оқ Cobalt машиналари ёппасига шаҳар ИИБга «тиқилаётгани» айтилган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 5 декабрь куни соат 20:00 ларда шаҳарнинг «Насаф» кўчасида пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган фуқаро — 6-митти туманда яшовчи вояга етмаган Х. Д.ни давлат рақам белгисисиз оқ Cobalt автомашинаси уриб юборган. Автомашина ҳайдовчиси ҳаёти ва соғлиғи хавф остига қолган вояга етмаган фуқарога ёрдам кўрсатмасдан ҳодиса содир бўлган жойдан яширинган. Оқибатда Х. Д. тан жароҳати олиб, шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 117-моддаси (Хавф остида қолдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳолат юзасидан вилоят миқёсида автомашинани қидириб топиш бўйича ишлар ташкиллаштирилган.

Вилоят ИИБ юқоридаги ЙТҲ билан боғлиқ маълумот бўлса, ички ишлар органларининг 102 қисқа телефон рақамига ёки яқин орадаги ички ишлар бўлимларига хабар беришни сўради. Маълумот берган фуқаронинг шахси сир сақланиши кафолатланишини қайд этди.