5 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин йиғилишлар, митинглар, юришлар ва намойишлар ўтказиш тақиқланган жойлар рўйхатини кенгайтирувчи федерал қонунни имзолади, деб ёзмоқда РИА Новости ҳужжатга таяниб.

Шундай қилиб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг бинолари ва уларга туташ ҳудудлар, аэропортлар, темир йўл ва автовокзаллар, портлар, университетлар, мактаб ва касалхоналар бинолари ҳамда ҳудудларида, черковлар ҳамда бошқа иншоотлар жойлашган ер участкаларида митинглар ўтказиш мумкин бўлмайди.

Бундан ташқари, тақиқ ҳаётни таъминлаш объектлари, шу жумладан электр, иссиқлик, сув ва газ тармоқларининг ишлашини таъминлайдиган объектларга туташ ҳудудларга нисбатан ҳам қўлланилади. Ҳозиргача митингларни фақат президент қароргоҳлари, судлар, тезкор хизматлар ва ҳукмларни ижро этиш муассасалари биноларида ўтказиш тақиқланао эди.

Бундан ташқари, янги қонун ҳар бир минтақа қўшимча равишда йиғилишлар, митинглар ва намойишлар ўтказиш жойларига ўз тақиқларини киритиши мумкинлигини белгилаб бермоқда. Бунда ушбу чора «Россия Федерацияси субъектининг тарихий, маданий ва бошқа объектив хусусиятлари»ни ифодалаши керак бўлади.