Бу Ўзбекистондаги даромадлар тенгсизлигига бағишланган мақоланинг иккинчи қисми. Биринчи қисми билан бу ерда танишиш мумкин.

Мамлакатда даромадлар тенгсизлиги даражасини ифодалашда энг кўп қўлланувчи кўрсаткич (ёки коэффициент) — жини (Gini) коэффициенти ҳисобланади. Жини коэффициенти (Gini index, Gini coefficient) аҳоли орасида даромадлар тақсимотини ўлчаш учун қўлланилади ва 0 (мутлақ тенглик)дан 1 (мутлақ тенгсизлик)гача оралиқдаги сон билан ифодаланади.

Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда 2017 йилдан бошлаб қайтадан расмий равишда эълон қилина бошлаган жини коэффиценти 2020 йилгача ҳеч қандай ўзгаришга учрамаган ва 0,26 даражада сақланиб қолган (1 га яқин кўрсаткич тенгсизликнинг юқори даражаси, 0 га яқин шакллангани эса тенгсизликнинг паст даражасини англатади). 2020 йилги пандемия тенгсизлик даражасининг ошишига олиб келган. Бироқ, 2021 йилдан кейинги даврда жини коэффиценти пасайиб бормоқда.

Бироқ, айрим сабабларга кўра, мазкур тенденция Ўзбекистонда даромадлар тақсимоти билан ҳаммаси жойида эканлигини англатмайди. Даромадлар тенгсизлигига бағишланган мақоланинг биринчи қисмида даромадлар шаклланиши бўйича ҳудудлараро фарқларни таҳлил қилиш асносида бунга бевосита гувоҳ бўлдик.

Хусусан, тегишли таҳлиллар даромадлар бўйича ҳудудлараро тафовутлар йилдан-йилга кенгайиб бораётганлиги, бу тенденция 2017 йилдан кейин сезиларли тезлашганлигини кўрсатмоқда. Мазкур тенденцияга кўп ҳолларда бевосита қарор қабул қилувчилар ҳам регрессив таъсирга эга қарорлар ҳамда самарасиз дастурлар орқали бевосита ҳисса қўшаётганлиги, айниқса, ачинарли.

Мақоланинг иккинчи қисмида иш ҳақи миқдорининг соҳалар кесимида қандай ўзгараётганлиги ҳамда турли даромад гуруҳларининг жами даромаддаги улуши қандай ўзгариб бораётганлигини кўриб чиқамиз. Умид қиламизки, мазкур таҳлиллар Ўзбекистонда даромадлар тенгсизлиги билан боғлиқ ҳақиқий манзарани кўриш ва унинг сабаб-оқибатлари хусусида кенгроқ фикр юритиш имконини беради.

Соҳалар кесимида даромадлар тенгсизлиги

Сўнгги йилларда даромадлар тенгсизлиги соҳалар кесимида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Хусусан, молия ва суғурта ҳамда ахборот ва алоқа соҳаларида иш ҳақи бошқа соҳалар билан таққослаганда сезиларли даражада тез ўсмоқда. Масалан, расмий статистикага кўра, 2017 йилнинг дастлабки уч чорагида молия ва суғурта соҳасида ўртача иш ҳақи даражаси республикадаги ўртача иш ҳақидан 1,8 баробар юқорироқ бўлган бўлса, 2022 йилга келиб мазкур тафовут 2,6 баробаргача етган (ахборот ва алоқа соҳасида иш ҳақи даражаси ўсиши молия ва суғурта соҳаси билан таққослаганда нисбатан секинроқ бўлган). Яъни молия ва суғурта соҳаси вакилларининг ойлик маоши республикадаги бошқа соҳа вакилларининг ойлик маошидан сезиларли даражада тез ўсмоқда.


Соҳалар кесимида номинал иш ҳақи миқдорининг ўзгариши, 2022 йил билан таққослаш мақсадида кўрсаткичлар ҳар бир йилнинг январь-сентябрь ҳолатига олинган. Манба: Давлат статистика қўмитаси маълумотлари.

Бошқа томондан, икки муҳим соҳада — таълим ҳамда тиббиёт соҳаларида иш ҳақи даражаси 5−6 йил олдин республикадаги ўртача кўрсаткичдан пастроқ шаклланган бўлса, сўнгги йилларга келиб янада пасайиш тенденциясини намоён қилмоқда (бошқача талқин қилинса, мазкур икки соҳада иш ҳақи даражаси республика бўйича ўртача иш ҳақи даражасига нисбатан секин ўсмоқда).

Хусусан, таълим соҳаси вакилларининг ўртача иш ҳақи 2017 йилда республикадаги ўртача кўрсатичнинг 80 фоизини ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 70 фоизгача пасайган. Соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг ойлик иш ҳақи эса республикадаги энг паст даражани қайд этган бўлиб, республикадаги ўртача иш ҳақининг бор-йўғи 67 фоизини ташкил этган. Эътиборлиси шундаки, бу соҳа вакилларинининг иш ҳақи олти йил олдин ҳам республикадаги ўртача иш ҳақининг 67 фоизини ташкил этган.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, тиббиёт соҳаси вакиллари олти йил олдин бошқа соҳа вакилларига нисбатан қанчалик камбағалроқ бўлган бўлса, ҳозирги кунда ҳам худди шунчалик камбағалроқ эканлигича қолмоқда. Даромадлари жадал ўсиб бораётган соҳаларга таққослаганда эса, ҳатто, янада камбағаллашиб бормоқда. Таълим соҳаси вакиллари нафақат даромадлар борасида етакчи соҳа вакилларига нисбатан, балки республикадаги ихтиёрий бошқа соҳа вакилларига нисбатан камбағаллашиб бормоқда.

Қайд этиш жоизки, ҳозирги кунда бошқа соҳаларга нисбатан сезиларли ортда қолаётган ва йилдан-йилга камбағаллашишда давом этаётган ҳар икки соҳада асосан бюджет ташкилотлари фаолият олиб боради. Яъни уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори бевосита қарор қабул қилувчиларга боғлиқ. Сўнгги йилларда айрим ижобий ўзгаришлар, силжишлар кузатилганини ҳам инкор этиб бўлмайди, хусусан, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг ойлик маошида сезиларли даражада ўсиш кузатилди. Бироқ, олий таълимда банд бўлган профессор-ўқитувчилар таълим соҳасида банд бўлган аҳолининг 10 фоизини ҳам ташкил этмайди. Бундан ташқари, олий таълимда муайян даражада ўзгаришлар бўлганлигига қарамасдан, соҳадаги ўртача иш ҳақи молия ва суғурта соҳасидаги ўртача иш ҳақининг бор-йўғи 60 фоизини ташкил этади, холос.

Юқорида таъкидланганидек, ҳозирги кунда даромадлари бошқа соҳаларга нисбатан оқсаётган соҳалар деярли тўлиқ давлат назоратида. Демак, бу соҳа вакилларининг даромадларини бошқа соҳа вакилларининг даромадлари билан мувофиқлаштириш ҳам қарор қабул қилувчиларнинг иродасига боғлиқ.

Таълим ёки тиббиёт соҳаси вакиллари жамиятнинг энг даромади паст, очиқроқ айтганда, энг камбағал вакиллари бўлиб қолаётганлиги, назаримда, жуда ачинарли ҳолат.

Турли даромад гуруҳлари ўртасидаги тенгсизлик

Қуйидаги графикда аҳоли даромад гуруҳларининг умумий даромаддаги улуши тасвирланган. Бунда аҳоли даромад даражаси бўйича 10 та гуруҳ (децил)га бўлинган (ҳар бир гуруҳ жами аҳолининг мос даромадга эга 10 фоиз қисмини ифодалайди). I децил энг кам даромад олувчи аҳоли гуруҳи бўлса, X децил даромадлар даражаси энг юқори бўлган гуруҳ ҳисобланади.

Бир қарашда сўнгги йиллардаги ўзгаришлардан муайян бир хулосага келиш қийин. Энг кўп даромадга эгалик қилувчи гуруҳ (X децил) даромадларининг жами даромаддаги улуши пасайиб бораётганлигини яққол кўриш мумкин. Бу Ўзбекистонда тенгсизлик пасайиб бормоқда, деган тасаввур уйғотиши мумкин. Бироқ, умумий даромадлар ва тенгсизлик бўйича маълумотлар танланма кузатувлар асосида шакллантирилиши ҳисобга олинса, шуни унутмаслик керакки, бундай кузатувлар айрим камчиликларга эга бўлиб, даромади юқори аҳоли қатламини тўлиқ қамраб олмаслиги билан ҳарактерлидир. Бу эса, ўз-ўзидан, тенгсизликнинг ҳақиқий ҳолатдан пастроқ шаклланишига сабаб бўлиши мумкин. Ҳозирча маълумотлар шакллантирилишининг техник жиҳатларига эътибор қаратмай, мавжуд маълумотларни таҳлил қилиб кўрамиз.


График Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланди.

Энг юқори даромадга эга аҳоли гуруҳининг умумий даромаддаги улуши камайиб бораётганлиги тенгсизликнинг қисқариб бораётганлигининг англатмайди, сабаби энг кам даромад олувчи аҳоли гуруҳи даромадлари ҳам сўнгги йиллардан пасаювчи тенденцияни намоён қилмоқда. Хусусан, энг кам даромадга эга бўлган 10 фоизлик аҳоли гуруҳининг умумий даромаддаги улуши 2017 йилда 3,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йилнинг сўнгига келиб бу кўрсаткич 3,3 фоизгача қисқарган. Бошқача айтганда, энг кам даромадга эга аҳоли қатламининг даромадлари ўсиб бормоқда, деб фараз қилинган тақдирда ҳам, уларнинг даромадлари бошқа аҳоли гуруҳларининг даромадларига нисбатан секинроқ ўсмоқда, бу уларнинг бошқа аҳоли гуруҳларига нисбатан камбағаллашиб бораётганлигидан далолат беради.

Ўзбекистон аҳолисининг энг кам даромад олувчи 50 фоиз қисмининг (аҳолининг тенг ярми) даромадлари даражаси ўзгаришига эътибор қаратилса, уларнинг умумий даромаддаги улуши 2017 йилги 31,1 фоиздан ҳозирги кунга келиб 30 фоизгача қисқарганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Қолган 50 фоиз аҳоли гуруҳи — юқори даромад эгалари даромадларининг умумий даромаддаги улуши эса 2017 йилги 68,9 фоиздан 70 фоизгача етган. Эҳтимол, энг юқори даромадли 10 фоиз аҳоли қатлами даромадларининг умумий даромаддаги улуши ҳақиқатда камайиб бораётгандир (шунчаки статистика буни сезмаётган бўлиши ҳам мумкин). Бироқ, бу тенгсизликнинг қисқариб бораётганлигини англатмайди, сабаби энг кам даромад олувчи аҳолининг умумий даромаддаги улуши ҳам қисқариб бормоқда.

Умумий даромаддаги улуши энг юқори суръатда ўсган даромад гуруҳи эса IX децил ҳисобланади, яъни 80 фоиз аҳолига нисбатан бойроқ, энг бой 10 фоиз аҳоли гуруҳига нисбатан камбағалроқ аҳоли гуруҳи. Бу гуруҳ даромадининг умумий даромаддаги улуши сўнгги олти йилда 1,3 фоизга ошган. Демак, даромадлар даражасининг энг юқори ўсиши юқори даромад гуруҳларида кузатилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон тенгсизлик даражаси йилдан-йилга ошиб бормоқда. Таҳлиллар мазкур тенденция айниқса сўнгги 5−6 йилда сезиларли даражада кучайганлигини кўрсатади. Тенгсизлик нафақат даромад гуруҳлари орасида, балки ҳудудлар ҳамда соҳалар кесимида ҳам чуқурлашиб бораётганлиги кузатилмоқда.

Эътиборлиси шундаки, тенгсизликнинг кучайишига қарор қабул қилувчилар ҳам регрессив таъсирга эга қарорлар, натижа ва манзиллилик борасида ҳар доим ҳам ўзини оқламаётган дастурлар воситасида сезиларли таъсир ўтказмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги тенгсизлик даражасининг ўсишига хизмат қилмоқда.

Эҳтимол, Ўзбекистондаги тенгсизликнинг ҳозирги кундаги даражаси нисбатан хавфсиз ёки қабул қилиб бўлмас даражада юқори эмасдир, бироқ рақамлар сўнгги йилларда тенгсизлик юқори суръатларда ўсиб бораётганлигини тасдиқлайди. Қарор қабул қилувчилар тарафидан тенгсизликни юмшатиш борасидаги муайян чора-тадбирларга уринишлар ҳозирча сезилмади. Бундан ташқари, тенгсизлик фавқулодда юқори бўлмаса-да, унинг кучайиши баъзи ҳолатларда суъний воситалар ҳисобига ҳамда адолатсиз равишда юз бераётганлиги ҳам бу ҳақида чуқурроқ фикр юритишга ундайди.

Назаримда, тенгсизлик, хоҳ ҳудудлар ўртасида бўлсин, хоҳ соҳалар кесимида бўлсин, хоҳ даромад гуруҳлари ўртасида бўлсин, келгусида ҳам шубҳасиз сақланиб қолади ёки ошиб боради. Бироқ, қарор қабул қилувчилар ўз ихтиёрларидаги мавжуд айрим воситалар ёрдамида вазиятни (масалан, ҳудудлар ёки соҳалар ўртасидаги тенгсизликни) юмшатиш имкониятига эга. Қолаверса, тенгсизликнинг кескинлашишига хизмат қилаётган ҳар қандай қарорлардан воз кечиш нисбатан адолатли ечим бўлиб, тенгсизликнинг янада ошиб кетишининг олдини олиши мумкин. Акс ҳолда бугунги кундаги ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик ортидан тобора чуқурлашиб бораётган тенгсизликнинг оқибатлари барча учун қимматга тушиши мумкин.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.