XXI асрнинг сўнгги ўн йиллигига келиб бутун дунёда даромадлар тенгсизлиги масаласи яна кун тартибига қайтди. Бу асосан ривожланган мамлакатларда тенгсизликнинг фавқулодда юқори даражага етганлиги ва ўсишда давом этаётганлиги билан изоҳланади. Масалан, 1980 йилларда АҚШда энг юқори даромадга эга 1 фоиз аҳоли жами даромаднинг қарийб 22 фоизига эгалик қилган бўлса, ҳозирги кунга келиб бу кўрсаткич 35 фоиз атрофида шаклланмоқда.

Хўш, даромадлар тақсимоти ва тенгсизлиги борасида Ўзбекистонда қандай тенденция кузатилмоқда? Тенгсизликнинг ҳозирги даражаси ва ўсиш суръати аҳолининг турмуш фаровонлигига қай даражада хавф солиши мумкин?

Мазкур саволларга жавоб топишдан олдин тенгсизликни ўлчаш усуллари ва кўрсаткичларига қисқача тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ.

Даромадлар тенгсизлиги даражаси бир нечта усуллар воситасида ўлчанади ва, мос равишда, турли кўрсаткичлар билан ифодаланади. Улар орасида энг кенг тарқалган ҳамда энг кўп қўлланувчи кўрсаткич (ёки коэеффициент) — жини (Gini) коэффициенти ҳисобланади.

Маълумот ўрнида, жини коэффициенти (Gini index, Gini coefficient) аҳоли орасида даромадлар тақсимотини ўлчаш учун қўлланилади ва 0 (мутлақ тенглик)дан 1 (мутлақ тенгсизлик)гача оралиқдаги сон билан ифодаланади.

Расмий статистикага назар ташланса, Ўзбекистонда даромадлар тенгсизлиги даражаси бўйича жини коэффициенти фақатгина сўнгги бир неча йил учун ҳисоблаб чиқилган ва эълон қилинган. Қолаверса, мазкур маълумотлар мамлакатда тенгсизлик даражасининг жорий тенденцияси, яъни ўсаётганлиги ёки пасайиб бораётганлиги хусусида аниқ бир тўхтамга келиш имконини бермайди.

Жини коэффициентига асосланган ҳолда мамлакатимиз ва бошқа мамлакатлардаги тенгсизлик даражаси таққослаб кўрилса, бирламчи хулоса тахминан қуйидагича бўлиши мумкин: Ўзбекистонда тенгсизлик даражаси бошқа давлатларга нисбатан анча паст даражада; пандемия давридаги ўсишни ҳисобга олмаганда, сўнгги йилларда умуман ўсмаган. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, жини коэффициенти мамлакатни бошқа давлатларга нисбатан қай даражада фаровонроқ эканлигини эмас, балки мамлакатдаги жами даромаднинг қанчалик тенг (ёки нотенг) тақсимланганлигини кўрсатади.

Расмий статистикага кўра, 2017 йилдан бошлаб қайтадан расмий равишда эълон қилина бошлаган жини коэффиценти 2020 йилгача ҳеч қандай ўзгаришга учрамаган ва 0,26 даражада сақланиб қолган (1 га яқин кўрсаткич тенгсизликнинг юқори даражаси, 0 га яқин шакллангани эса тенгсизликнинг паст даражасини англатади). 2020 йилги пандемия мамалакатимизда тенгсизлик даражасининг ошишига олиб келган (ёки тенгсизликнинг ўсаётганлиги статистикада яққол кўзга ташлана бошлаган). Бироқ, 2021 йилдан кейинги даврда жини коэффиценти пасайиб бораётганлигини кузатиш мумкин.

Ҳозирги ҳолатда мамлакатимиздаги тенгсизлик даражаси ривожланган дунё, Африка ёки Лотин Америкаси мамлакатлари билан таққослаганда сезиларли даражада паст ҳисобланади. Бироқ, ўринли савол туғилади: бу мамлакатимизда даромадлар тақсимоти билан ҳаммаси жойида эканлигини англатадими?

Назаримда, тенгсизликни ўлчаш мумкин бўлган бошқа усуллардан фойдаланиш ва мос кўрсаткичларни таҳлил қилиш мамлакатимизда қандай тенденция кузатилаётганлигини янада яхшироқ ва чуқурроқ тушуниш имконини беради. Бунинг учун даромадлар шаклланиши бўйича ҳудудлараро тафовутлар, иш ҳақи миқдорининг соҳалар кесимида қандай ўзгараётганлиги ҳамда турли даромад гуруҳларининг жами даромаддаги улуши қандай ўзгариб бораётганлигини таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ.

Даромадлар шаклланиши бўйича ҳудудлараро фарқлар

Даромадлар шаклланишида ҳудудлар ўртасидаги мавжуд фарқлар бир нечта омиллар билан изоҳланади. Ўзбекистон мисолида ҳудудни ҳарактерловчи асосий табиий бойликлар ҳамда мазкур ҳудудга ҳукумат томонидан қаратилган эътибор (инвестициялар, инфраструктура ва ҳ.к.) даромадлар шаклланиши ва бу борада ҳудудлар ўртасидаги фарқларнинг келиб чиқишида ҳал қилувчи омиллар бўлиб ҳисобланади. Хусусан, аҳоли жон бошига умумий даромад даражаси бўйича республикада етакчи бўлган икки ҳудуд — Навоий вилояти ҳамда Тошкент шаҳри юқоридаги омилларнинг таъсири қай даражада эканлигига яққол мисол бўла олади. Бироқ, қайд этиш жоизки, «янги давр» бошланишидан олдин мазкур ҳудудлардаги даромадлар даражаси ҳам бошқа ҳудудларникидан сезиларли фарқ қилмас эди.

Ҳозирги кунда умумий даромадлар даражаси энг юқори бўлган Тошкент шаҳри ҳамда Навоий вилоятида аҳоли жон бошига умумий даромадлар 2021 йилда мос равишда 30,2 ҳамда 24,2 млн сўмни ташкил этган. Умумий даромадларнинг республика бўйича ўртача кўрсаткичи эса 14,8 млн сўмни ташкил этган.

Бошқача айтганда, ўртача тошкентлик ҳамда ўртача навоийлик республикадаги ўртача даромадга эга инсондан мос равишда 2 карра ҳамда 1,6 карра бойроқ ҳисобланади.Тошкент шаҳрининг аҳоли жон бошига умумий даромадлари республикадаги аҳоли жон бошига умумий даромадлар даражаси энг паст бўлган ҳудуд — Фарғона вилоятига нисбатан қарийб 2,8 баробарга юқори. 2016 йилда Тошкент шаҳри ҳамда Фарғона вилоятининг аҳоли жон бошига умумий даромадлари орасидаги фарқ 2,5 баробарни ташкил этган.

Гувоҳи бўлганимиздек, даромадлар шаклланиши бўйича ҳудудлар ўртасидаги фарқ сўнги йилларда ошиб бормоқда.


График Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланди.

Ҳудудларнинг умумий даромадлари таркибидан мамлакат ташқарисидан кириб келган пул ўтказмалари чиқариб ташланса, вазият янада жиддийлашади. Даромадлари юқори даражада шаклланган ҳудудларнинг умумий даромадлари таркибида хориждан пул ўтказмаларининг улуши даромадлар даражаси паст бўлган ҳудудларникига нисбатан каррасига камроқ. Хусусан, 2021 йил ҳолатига Тошкент шаҳри ҳамда Навоий вилоятининг умумий даромадлари таркибида хориждан пул ўтказмаларининг улуши мос равишда 10,6 фоиз ҳамда 4,3 фоизни ташкил этган бўлса, Хоразм, Самарқанд, Андижон, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон республикасида бу кўрсаткич 20 фоиздан юқори. Бошқача айтганда, умумий даромадлар таркибидан хориждан пул ўтказмаларини чиқариб ташланган тақдирда, хусусан, Тошкент шаҳри ҳамда Фарғона вилояти мисолида даромадлар даражаси ўртасидаги тафовут 3 баробарга етади (пул ўтказмалари қўшиб ҳисобланганда фарқ 2,8 баробар эди).

Муайян ҳудуд даромадлар даражаси бўйича бошқа ҳудудлардан жиддий фарқ қилган тақдирда, мазкур ҳудудга бошқа ҳудудларлардан кўчиб келувчилар сони кескин ошиши ва бу, ўз навбатида, даромадлар даражаси бўйича мавжуд фарқни қисқартириши лозим. Бироқ, мамлакатимизда яқин-яқингача ички миграцияга турли чекловлар мавжуд эди. Шу сабабли даромадлар даражаси юқори бўлган ҳудудларга аҳолининг кўчиб ўтишида фаоллик кузатилмаган.

Бироқ, 2017 йилдан кейин ички миграцияга нисбатан тўсиқлар сезиларли даражада юмшатилди. Бу эса аҳолининг даромад даражаси юқори бўлган ҳудудларга фаол равишда кўчиб ўтишига туртки бўлди. Хусусан, 2016 йилда Тошкентга доимий яшаш учун кўчиб келганлар сони 18 минг кишини ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 112 минг кишига етган. Гувоҳи бўлганимиздек, сўнгги йилларда даромад даражаси энг юқори бўлган ҳудудга бошқа ҳудудлардан доимий яшаш учун кўчиб ўтганлар (пойтахт ҳудудининг кенгайтирилганлиги ҳам таъсир кўрсатганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим) сони кескин ошган. Бироқ, бу тенденциянинг даромадлар тенгсизлигига сезиларли таъсири кузатилмаяпти.


График Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланди.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, даромадлар бўйича ҳудудлараро тафовутлар йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Бу тенденция, айниқса, 2017 йилдан кейин сезиларли тезлашган. Бундан ташқари, ҳудудлар ўртасидаги тенгсизликнинг кескинлашишига кўп ҳолларда бевосита қарор қабул қилувчилар ҳам ҳисса қўшмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда қарор қабул қилувчилар томонидан турли давлат дастурлари — солиқ имтиёзлари, субсидиялар — воситасида нисбатан паст даромадли аҳоли қатламини қўллаб-қувватлашга уринишлар йўқ эмас. Бироқ, аксарият ҳолларда ажратилаётган субсидиялар регрессив таъсирга эга бўлиб қолмоқда. Яъни дастурларнинг манзиллилиги ва натижадорлиги савол остида бўлиб, улардан айнан аҳолининг бундай кўринишдаги ижтимоий кўмакка муҳтож, паст даромадли қатлами фойдаланиши даражаси ва эҳтимоли турли сабабларга кўра жуда пастлигича қолмоқда.

Рақамларга назар ташласак, ҳудудлар кесимида ўзлаштирилган солиқ имтиёзларининг қарийб учдан бир қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келса, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Хоразм, Жиззах каби вилоятларда мазкур кўрсаткич 2 фоизга ҳам етмайди. Тўғри, солиқ имтиёзларининг катта қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келиши бу ҳудудда имтиёздан фойдаланиши мумкин бўлган фаолият турлари нисбатан кўпроқ эканлиги билан, камроқ солиқ имтиёзларига эга чиқаётган ҳудудларда эса имтиёзлардан фойдаланувчиларнинг умумий сони кўп эмаслиги билан ҳам изоҳланиши мумкин. Бироқ, бу солиқ тўловчиларнинг маблағларини бундай адолатсиз, регрессив ва самарасиз сарфлаш мумкин дегани эмас.

Қарор қабул қилувчилар бу сингари тескари ишловчи солиқ ёки бошқа имтиёзлардан бутунлай воз кечиши оптималроқ ечим бўлар эди. Шу орқали улар ҳудудлар орасидаги тенгсизликнинг янада кучайишига камроқ ҳисса қўшишлари мумкин. Ҳукумат томонидан қайсидир ҳудудга кўпроқ эътибор қаратилиши (инвестициялар киритилиши, инфраструктуранинг ривожлантирилиши ва ҳ.к.) ёки турли дастурлар доирасида ажратилаётган маблағларнинг аксариятидан асосан даромад даражаси юқори бўлган ҳудудлар кўпроқ наф кўраётганлиги, аҳолининг паст даромадли ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига нисбатан қўлланилаётган жазодек гап. Бошқача айтганда, давлат томонидан турли кўринишдаги қўллаб-қувватлашга энг кўп муҳтож бўлган ҳудудлар амалда мавжуд дастурлардан энг кам фойдаланади ҳамда бу уларнинг турмуш даражасини деярли ўзгартирмайди.

Ҳудудлар ўртасида муайян даражадаги тенгсизлик мавжуд бўлиши табиий, бироқ баъзи ҳудудларда аҳолининг турмуш даражаси минимал яшаш стандартларига жавоб бермаган бир вақтда, бошқа ҳудудлар даромадларининг кескин ўсиши, айниқса, вазиятнинг бундай тус олишига бевосита қарор қабул қилувчиларнинг ўзи сабабчи бўлиб қолаётганлиги ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди.

Ҳозирги ҳолатда қарор қабул қилувчилар мавжуд тенденцияни секинлаштириш ва ҳатто вазиятни ўнглаш имкониятига эга. Биринчидан, давлат инвестицияларни йўналтиришда муайян даражада таъсир кучига эга (табиий бойликларга боғлиқ бўлмаган инвестициялар), шу йўл билан қарор қабул қилувчилар даромад даражаси паст бўлган ҳудудларнинг даромадлари нисбатан ўсишига таъсир кўрсатиши мумкин. Қолаверса, инфраструктурага қаратилган инвестициялар фақат даромад даражаси юқори ҳудудлар билан чекланиб қолмаслиги лозим. Бу паст даромадли ҳудудларнинг ҳам яшаш ва инвестициялар киритиш учун жозибалироқ ҳудудларга айланишига хизмат қилади. Энг асосийси, бундай чоралар ҳудудлар ўртасидаги мавжуд тенгсизликнинг қисқаришига сезиларли таъсир кўрсатади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.