Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 декабрь куни 2030 йилгача Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Қарор билан 2030 йилгача Ўзбекистонда «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва «яшил» ўсишни таъминлаш дастури тасдиқланди. Дастур қуйидаги мақсадларга эришишга қаратилган:

  • иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 35 фоизга қисқартириш;
  • қайта тикланувчи энергия манбаларининг ишлаб чиқариш қувватини 15 ГВтга ошириш ва уларнинг улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 30 фоизидан кўпроғига етказиш;
  • саноат соҳасида энергия самарадорлигини камида 20 фоизга ошириш;
  • ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган энергия сарфи ҳажмини, шу жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳисобига 30 фоизга камайтириш;
  • иқтисодиётнинг барча тармоқларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш, 1 млн гектаргача майдонда сув тежовчи суғориш технологиясини жорий этиш;
  • йилига 200 млн кўчат экиш ва кўчатларнинг умумий сонини 1 млрд дан ошириш орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни 30 фоиздан ортиқроққа кенгайтириш;
  • республика ўрмон фонди захиралари кўрсаткичини 90 млн куб метрдан ортиқроққа етказиш;
  • ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 65 фоиздан ошириш.

Бундан ташқари, қарор билан Саноат тармоқларида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва энергия тежамкорлигини таъминлаш бўйича концепция, 2030 йилгача Ўзбекистонда «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва «яшил» ўсишни таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси ҳамда 2022−2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашнинг мақсадли параметрлари тасдиқланди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги «яшил» иқтисодиётни илгари суриш ва «яшил» ўсиш тамойилларини жорий этиш, иқтисодиёт тармоқларида иссиқхона газлари ташланмаларини қисқартиришга доир фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.

Энергетика вазирлиги эса «яшил» энергетикани ривожлантириш, хусусан, қайта тикланувчи энергия манбалари ва водород энергетикасини кенг жорий қилиш, шунингдек, энергия самарадорлигини ошириш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг энергия сиғимини камайтириш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.

Қарорга мувофиқ, 2023 йил 1 июндан бошлаб маҳсулотларни ишлаб чиқаришда экология ва атроф-муҳитга таъсирни чеклаш бўйича қўйилаётган талаблар асосида «яшил сертификатлар» тизими жорий этилади.

Бундан ташқари, қуйидагиларни назарда тутувчи 2022−2026 йилларда иссиқхона газларининг чиқарилишини давлат томонидан тартибга солиш инфратузилмаси босқичма-босқич яратилади:

  • иссиқхона газларининг чиқарилишини давлат томонидан ҳисобга олиш ва уларнинг давлат кадастрини юритиш;
  • углерод бирликларининг реестрини шакллантириш ва юритиш;
  • иқтисодиёт тармоқлари кесимида иссиқхона газлари чиқарилишини қисқартиришнинг мақсадли кўрсаткичларини белгилаш;
  • иссиқхона газларининг чиқарилишини қисқартириш бўйича фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш.

2024 йил 1 январдан бошлаб барча иссиқхона газларини қамраб олувчи Иқлим ўзгариши соҳасида мониторинг, ҳисобот бериш ва текширишнинг замонавий тизими (MRV) йўлга қўйилади.

Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини режалаштириш ва амалга оширишдан олдинги босқичларда уларнинг иссиқхона гази ҳажмини қисқартириш имконияти баҳоланиб, лойиҳалар натижасида қисқартирилган иссиқхона гази ҳажми сертификатлаштирилади ва ташқи бозорларга йўналтирилади.

2024 йил 1 январдан бошлаб янги қуриладиган, қуввати 1 МВтдан юқори бўлган қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳалари доирасида ушбу станцияларнинг ўрнатилган қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими мажбурий тартибда жорий этилади.

Қарорга кўра, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Париж битимининг (Париж, 2015 йил 12 декабрь) 6-моддасига мувофиқ, Барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш механизми бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган (миллий орган) ҳисобланади. Шунингдек, вазирлик халқаро ва республика даражасида иссиқхона гази савдосини (Emission Trade System — ETS, Joint Credit Mechanism — JCM ва бошқалар) тартибга солиш ва амалга оширишни мувофиқлаштириш ва бошқариш, шунингдек, ушбу соҳадаги лойиҳаларни амалга ошириш даврида мониторинг ва ҳисоботларни юритиш учун масъул бўлган ижро этувчи орган сифатида иштирок этади.

Бундан ташқари, эндиликда барқарор «яшил» иқтисодий ўсиш, «яшил» иқтисодиётга ўтишга доир, хусусан, иссиқхона гази ташланмалари миқдорига таъсир қилувчи лойиҳалар ва чора-тадбирларни кўзда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва дастурлар лойиҳалари Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан мажбурий тартибда келишилади.

Ҳужжат билан, шунингдек, Ўзбекистонда иқлим ўзгариши ва «яшил» ўсиш борасида фаолият олиб борувчи халқаро молия институтлари ва ривожланиш бўйича ҳамкор ташкилотларнинг техник кўмак, таҳлил қилиш ва салоҳиятни ошириш бўйича фаолиятини ўзаро мувофиқлаштирувчи Донорларнинг мувофиқлаштириш гуруҳи тасдиқланди.

Гидрометеорология хизмати маркази ва Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтига икки ой муддатда Республика бўйлаб қуёш, шамол ва биогаз энергияси ресурслари бўйича инновацион маълумотлар базасини шакллантириш топширилди.