Uzbekistan Airports матбуот хизмати кучли қор туфайли Самарқанд аэропорти фаолияти вақтинча чекланганини маълум қилди.

Душанба куни маҳаллий вақт билан эрталаб соат 04:20 дан об-ҳаво шароити ёмонлашгани сабабли Самарқанд халқаро аэропортида ҳаво кемаларини қабул қилиш ва жўнатиш вақтинчалик чеклов жорий этилди. Сўнгги маълумотларга кўра, кўриниш 1000 метргача, қор, ҳаво ҳарорати -5 даражани ташкил этган.

Шу сабабли, «Аэрофлот»нинг Москва — Самарқанд йўналиши бўйича SU-1874 рейси ва Истанбул — Самарқанд йўналиши бўйича «Турк ҳаво йўллари»нинг TK-372 рейси Тошкентдаги муқобил аэропортга йўналтирилди.

Fly Dubai авиакомпаниясининг рейси об-ҳаво ёмонлашгунга қадар — маҳаллий вақт билан 03:07 да Самарқанд аэропортига қўнишга муваффақ бўлди. Бироқ самолётнинг етиб келиши кечикганлиги сабабли Самарқанддан учиш вақти соат 16:15 га кечиктирилди.

«Ҳозирда аэропортнинг ерда хизмат кўрсатиш ходимлари барча зарур чораларни кўрмоқда — бир неча соат давомида учиш-қўниш йўлаги ва юриш йўлакларини махсус техника ва кимёвий воситалар ёрдамида тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш бўйича чекловларни маҳаллий вақт билан соат 13:00 гача узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинди», — дейилади хабарда.