Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Жуда кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида янги лойиҳани бошлади. «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — журналист ва блогер, жамоатчилик фаоли, Telegram’даги Davletovuz канали муаллифи Қобил Хидиров (лойиҳанинг биринчи меҳмони ёзувчи ва таржимон Шарифжон Аҳмад бўлганди).

Яқин орада ўқилган китоблардан тавсиялар

Ахборот оқими жадаллашган сари китоб ўқиш йилдан-йилга қийинлашиб кетяпти. Шунгами, охирги пайтлар бадиий асар мутолаа қилишим сусайди, кўпроқ тарихий, илмий-оммабоп китобларни ўқияпман. Китобларни асосан электрон шаклда, Kindle ридерида ўқийман.

Steve Coll. Directorate S: The C.I.A. and America’s Secret Wars in Afghanistan and Pakistan. Penguin Press нашриёти. 2018 йил, 784 саҳифа


Ўтган йили Афғонистонда «Толибон» ҳокимиятга келганидан сўнг қизиқиб қолгандим, Стив Колнинг «Directorate S: The C.I.A. and America’s Secret Wars in Afghanistan and Pakistan» («S дирекцияси: Марказий разведка бошқармаси ва Американинг Афғонистон ва Покистондаги махфий урушлари») китобини ўқиб тугатдим. У АҚШнинг, умуман, халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистондаги муваффақиятсизликларини тушунишга ёрдам беради.

Қолаверса, «Толибон» ҳамда Афғонистон сиёсий ҳаётида катта таъсир ва кучга эга бўлган Покистон идоралараро разведка хизматининг ролини чуқурроқ англашга хизмат қилади. Афғон жамияти, қабилалар, маҳаллий лидерларнинг ўрнини бугунги реаллик билан узвий боғлай оласиз, каттагина китоб.

Tom Gallagher. Salazar: The Dictator Who Refused to Die. Hurst нашриёти. 2020 йил. 360 саҳифа


Мазза қилиб ўқиганим — Том Каллагернинг «Salazar: The Dictator Who Refused to Die» («Салазар: Ўлишни рад этган диктатор») китоби бўлди. Португалияни узоқ йиллар бошқарган, мамлакатни Иккинчи Жаҳон урушидан унда қатнашмай олиб чиққан, одамларга «барқарорлик ва мусаффо осмон»ни бериб, полиция режимини ўрнатган одамнинг ҳаёти ҳақида.

Ўзбекистоннинг яқин ўтмишдаги даври билан солиштирадиган жойлари кўп. Ҳатто ўлимида ҳам ўхшашликлар анчагина. Ҳозиргача Португалиянинг энг машҳур сиёсатчилари рўйхатида етакчилик қиладиган Салазарнинг аскет ҳаёти, оила қурмасдан яшаши, хушлайдиган ва хушламайдиган сиёсатчилар билан муносабатлари, вақти-вақти билан характер кўрсатиши — ҳаммаси китобда яхши очиб берилган.

«Борис Ельцин. Воспоминания личных помощников. То было время великой свободы…». «Родина» нашриёти. 2021 йил. 416 саҳифа


Охирги ўқиганим эса «Борис Ельцин. Воспоминания личных помощников. То было время великой свободы…» («Борис Ельцин: Шахсий ёрдамчиларнинг хотиралари. Буюк эркинлик даври эди у…») китоби бўлди. Буни ҳам ўқиб, мазза қилдим. Ельцин ҳаммаслаклари, гарчи Ельцин ҳақида сўзлаб беришган бўлса-да, аслида ўша давр муҳитини, ҳатто Ўзбекистондаги вазиятни Кремлга яқин доираларда қандай кўринганини яхши ёритишган.

Жуда кўп деталлар бор, ҳажвия ўқигандек кулиб мутолаа қиласиз. Муаллифлар Ельциннинг фонида ўзининг муҳимлигини таъкидлаб, ичидаги кичкина «одамчалар»нинг норозилигини ҳам билдириб туради. Горбачёвнинг Ельцинга қарши, Ельциннинг Горбачёвга қарши интригалари энг яқин манбалар тилидан яхши ёритилган. Августдаги ГКЧП, Бериянинг кабинетидаги қуюқ-суюқ ўтиришлар, Қирғизистон компартияси лидерлари Шароф Рашидовга ҳасад билан қарагани каби қизиқ-қизиқ ҳолатлар анча-мунча.

Ёшлар (18−30 ёш орасидаги йигит-қизлар) ўқиши тавсия этиладиган 10 китоб

Қуйидагиларни энг зўр асарлар дейишдан йироқман, лекин ўқиш учун тавсия қилишим мумкин:

  1. Чўлпон — «Кеча ва кундуз»;
  2. Назар Эшонқул — «Маймун етаклаган одам»;
  3. Чингиз Айтматов — «Асрга татигулик кун», «Қиёмат»;
  4. Эрнест Ҳемингуэй — «Чол ва денгиз»;
  5. Албер Камю — «Бегона»;
  6. Франц Кафка — «Эврилиш», «Жараён»;
  7. Ҳарпер Ли — «To Kill a Mockingbird» («Мазахчи қушни ўлдириш»);
  8. Дарон Ажемўғли, Жеймс А. Робинсон — «Мамлакатлар таназзули сабаблари: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари» («Why Nations Fail: The Origins of Power, Prosperity, and Poverty»);
  9. Кормак Маккарти — «The Road» («Йўл»);
  10. Сергей Довлатов — «Чемодан», «Компромисс», иложи бўлса, барча асарларини;
  11. Қўшимчасига — юнон мифологиясини ҳам.