Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Жуда кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида янги лойиҳани бошлади. «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимонга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг илк меҳмони — ёзувчи ва таржимон, Хорхе Луис Борхес, Хулио Кортасар, Жуброн Халил Жуброн ва Андрей Платонов асарлари таржимони, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Нидерландияда яшаб ижод қилаётган Шарифжон Аҳмад.

— «Газета.uz» ўқувчиларига ўзингиз яқин орада ўқиган қайси китобларни тавсия қиласиз?

— 2019 йили «Академнашр»да рус ёзувчиси Андрей Платонов қаламига мансуб «Жон» асари камина таржимасида чоп этилди. Дўстларимизнинг айтишича, бу китоб адабий воқеа сифатида қарши олиниб, кўплаб мунозараларга ҳам сабаб бўлибди. Мунозаралар бўлгани яхши, албатта.

«Жон». А.Платонов. Тошкент, «Академнашр» нашриёти, 2019. Фото: Telegram / Akademnashr

Платонов асарларининг етук билимдони ва мутаржими, инглиз шоири Роберт Чандлер ёзганидек, «кўп қатламли бу асарни турлича тарзда ўқиб англаш мумкин. Асар бугунги давр учун ҳам долзарб бўлган саволларни ўртага ташлайди: умумий тараққиётдан четга улоқтирилган «бегоналар»ни замонавий дунё билан қай тариқа қовуштириш мумкин? Асар, шунингдек, алоҳида бир жонни, қалб ва руҳни халос этиш нақлидаги матал ўлароқ мутолаа этилиши ҳам мумкин. Платоновнинг ўзи «жон»ни саодат ишқида саросар қалб тарзида тушунтиради ва адашган бу халқ бисотида жонидан бўлак ҳеч вақоси йўқлигидан айнан шу ном билан сийланганини айтади».

Яқинда эса «Ҳандақ» («Тамалчоҳ») қиссаси таржимасини ҳам якунлаб, нашриётга топширдим. Ўйлаб қарасам, биргина шу қисса билан нақ икки йил овора бўлибман.

«Ҳандақ» қиссасининг илк, икки тилда (рус, инглиз) чоп этилган нусхаси. АҚШ, «Ардис» нашриёти, 1973. Фото: Полка

Тўғри, икки йил давомида нуқул қисса таржимаси билан банд бўлдим дегани эмас бу. Орада бу асар мушкулликларидан зада бўлиб, кўп марталаб четга суриб ҳам қўйдим, қўй, дедим ўзимга ўзим, шунча машаққат чекиб, игна билан қудуқ қазисангу охирида заҳматларингга яраша раҳмат эшитасанми-йўқми? Йўқ, ҳарқалай, ерковлар каби ичларимдан қўшимча куч ковлаб, таржимани охирига етказдим барибир. Охирига етказдиму қайтиб Платоновга бошқа яқинлашмайман, дедим.

Қайда, шу кунларда «Чевенгур»ни нечанчи марта яна қайта ўқишга тушиб кетдим. Ўзимга берган аввалги ваъдаларимни мунофиқларча нари суриб қўйиб, қўлимда қалам билан ҳар бир жумлани текшириб, таржима дафтаримга қайтадан кўчириб, бир нечадан муқобил вариантларини ҳижжалаб кўряпман. Шу билан «Чевенгур» учун сарф бўладиган кучимни чамалаб кўряпман, шекилли.

«Чевенгур». Анн-Арбор. Ardis Publishers нашриёти, 1978. Фото: Полка

«Чевенгур» бир асар ичига жойланган икки романга ўхшайди. Биринчи қисми бош қаҳрамон Александр Двановнинг вояга етиши, инқилобга қадарги қашшоқлик қўйнида ҳам инсоний ва ҳам сиёсий камол топишига бағишланган. Жамият ичида бўй кўрсата бошлаган зўриқишлар оқибатида инқилоб содир бўлади, содир этилган бу инқилоб эса синфий зўравонликлар ва фуқаролар урушини келтириб чиқаради. Уруш сўнгида шўролар ҳукмронлиги ўрнатилади. Романнинг кейинги қисмида «омма ичидан чиққан» бир гуруҳ аломат инқилобчилар Чевенгур номли алоҳида олинган бир шаҳарда, ўзлари билганича, коммунизм қуришга киришиб кетишади. Улар хаёл қилган бахту саодатдан эса ҳеч дарак йўқ. Амалга ошмаган орзулар навбатдаги зўравонликларга сабаб бўлиб, Чевенгурда жорий этилган янги турмуш парокандаликка учрайди ва ким экани номаълум қолган ғанимларнинг отлари туёғи остида ғорат қилинган хаёлий утопия, пировардида, қақшатқич барҳам топади.

Таниқли рус шоири Иосиф Бродский «Платонов асарларини бошқа тилларга ўгириш мутлақо имконсиз ва унинг асарларини ўгириш мумкин бўлмаган тиллар, қайсидир маънода, ўта бахтлидир, — деб ўз вақтида огоҳлантирганди. — Шундай бўлса-да, замон ва макон, умр ва қазонинг ўзини ҳам бадному фош қилгувчи Платонов тилини қайта тиклашга қаратилган ҳар қайси уринишларни қутламоқ керак». Бежаброқ айтилса, руҳий қувватим етишига кўзим етса, насиб, бунинг ҳам таржимасига, Бродский таъбирича, буни ҳам қайта тиклашга жиддий киришсам керак. Шунда шартли трилогия — «Жон», «Ҳандақ» ва «Чевенгур»нинг ўзбекча муқобили амалга ошган бўлади.

Андрей Платоновнинг ушбу асарларини китобхонларга тавсия қила оламанми? Тўғриси, билмадим, чунки Платонов асарларининг ўзи каби қийин савол бу. Унинг асарлари мутолааси заҳматли бўлиши билан бирга, ўртамиёна ўқувчи кутишга кўниккан завқ ва мароқни бермайди, аксинча, шуурингизни қийнаб, юрагингизни ҳоритади. Яна Бродский «Ҳандақ» мисолида айтганидек, «Ҳандақ» — ўта оғир ва мудҳиш асар, уни эндигина ўқиб тугатган ўқувчини чуқур тушкунлик чулғаб олиши тайин. Мабодо мутолаагўйнинг худди шу онлардаги руҳий ҳолатини физикавий қувватга айлантириш имкони бўлсами, теварагимизда амалда бўлган мавжуд олам тартибини дарҳол бекор қилиб, ғам-андуҳ ва кулфату қайғулардан ҳоли янги замон ва янги оламни жорий этиш лозим бўлар эди".

— Ёшлар (18−30 орасидаги йигит-қизлар)га ўқилиши зарур 10 та китобни айтсангиз.

— Аслида тавсия этиш мумкин бўлган асарларнинг чеки йўқ. Лекин, ҳамонки шу ўнталик доирасида чекланиш керак бўлса, ўзим ўқиб баҳра олган қуйидагиларни санаб ўтишим мумкин:

  1. Овидий — «Метаморфозалар» (Metamorphosis)
  2. Мигель де Сервантес — «Ла-Манчлик уддабурро Идальго Дон Кихот» (The Ingenious Gentleman Don Quixote of La Mancha)
  3. Даниель Дефо — «Робинзон Крузо» (Robinson Crusoe)
  4. Жонатан Свифт — «Гулливернинг саёҳатлари» (Gulliver's Travels)
  5. Льюис Кэрролл — «Алиса мўъжизалар мамлакатида» (Alice's Advantures in Wonderland)
  6. Франсуа Рабле — «Гаргантюа ва Пантагрюэль» (The Life of Gargantua and of Pantagruel ёки La vie de Gargantua et de Pantagruel)
  7. Роберт Льюис Стивенсон — «Доктор Жекил ва мистер Ҳайд» (Strange Case of Dr Jekyll and Mr Hyde)
  8. Жон Мильтон — «Бой берилган жаннат» (Paradise Lost)
  9. Аполлодор — «Асотирлар куллиёти» (The Library of Greek Mythology)
  10. Цао Суэцинь — «Қирмизи кулба рўёлари» (Dream of the Red Chamber / 紅樓夢)