Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде «Газета.uz» рукнида Халқаро ногиронлиги бўлган инсонлар куни муносабати билан ногиронлиги бўлганлар учун хайрия муносабатидан воз кечишга ва инсон ҳуқуқларига қаратилган ҳуқуқий ёндашувга ўтиш даврига чақирмоқда.

3 декабрь — Халқаро ногиронлиги бўлган инсонлар куни. Бу Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамияти учун жуда муҳим кун. Шу куни тадбирлар ташкил этилади, кўплаб хайрия тадбирлари ўтказилади ва ижтимоий тармоқлар айни кунга тегишли ҳештеглар билан тўлдирилади.

Тадбирлар ва ҳаштаглар — буларнинг барчаси — муҳим. Бу муаммонинг аҳамияти эътироф этилганидан далолатдир, унга қарши курашишда бирдамлик ва унинг моҳияти ҳақида фикр юритиш ифодасидир.

Бугун мен ушбу мақолани ёзаётганимда ва бу йилги «Инклюзив ривожланиш учун трансформацион ечимлар: қулай ва адолатли дунёни шакллантиришда инновацияларнинг ўрни» мавзусида мулоҳаза юритар эканман, ўзимни жамоатчилик муҳокамасида ота-она, ҳамжамият ва ҳамкорлар, шунчаки бирдамлик ифодаси сифатида илгари сурмоқчиман.

Трансформацияга оид қарорлар биздан бошқача ҳаракат қилишни талаб қилади ва бунд Ўзбекистонда кўплаб жабҳаларда парадигма ўзгараётганига гувоҳ бўламиз.

Шубҳасиз, сўнгги икки йил ичида Ўзбекистонда ногиронлик масалалрида катта ютуқларга эришилди. Улардан асосийси Ногиронлиги бўлган инсонлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш эди. Бундан ташқари, 200 дан ортиқ мактаб инклюзив таълимни амалиётга жорий қила бошлади.

Яна бир муҳим босқич — бу ногиронлиги бўлган болаларнинг оила муҳитида ўсиб-улғайишига имкон берадиган интернат муассасаларидаги болаларни босқичма-босқич деинституционализация қилишдир.

Ушбу ташаббуслар чинакам инклюзив жамият қуриш йўлидаги барқарор ва кенг кўламли тараққиётни таъминлаши керак.

Биз биргаликда хайрия йўналишидаги ёндашувдан воз кечишимиз ва уни дадиллик билан барча ногиронлиги бўлган инсонларнинг инсон ҳуқуқларини эътибор марказига қўядиган ҳуқуқий ёндашувга алмаштиришимиз зарур.

Бу турли даражадаги ва турли йўналишлардаги сиёсий ирода ва кўплаб ташаббуслардан ҳам миллий, ҳам маҳаллий даражада тизимли ёндашувга ўтиш имконини беради. Бу ногиронлиги бўлган болалар ва катталарнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг эҳтиёжларини қондириш учун мослашувчан тизимни таъминлайдиган ёндашув, дегани.

Мен ушбу эҳтиёжларнинг баъзиларини бевосита билиш имконига эга бўлдим. Ўтган ўн икки ой давомида Zamin халқаро фонди билан биргаликда бир қанча ҳудудларда ахборот кампаниясини йўлга қўйдик. Имконияти чекланган болаларнинг ота-оналари билан учрашдим, суҳбатлашдим ва бу учрашувлар давомида улар ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди.

Ота-оналар имконият ва хизматлардан фойдаланишнинг ёмонлиги, стигманинг юқори даражаси ва имкониятларнинг етишмаслигидан хавотирда. Масалан, самарқандлик ногиронлиги бўлган қизнинг бувиси менга набираси учун оддий ногиронлик аравачаси топиб берилмаганини айтди ва у ЮНИCЭФдан бундай ҳолларда мурожаат қилиш учун оддий маълумотнома рисоласини ишлаб чиқишни сўради.

Урганчлик бир она ўғлининг нафақасини олиш нақадар қийин бўлганини, ўғлини олий маълумот олишида қўллаб-қувватлаган ота эса, унинг иш ва мустақил яшаш имкониятларини чеклаб қўядиган стигмалардан хавотирда эканини айтди.

Улар ягона муаммо эмаслиги аниқ. Ишончим комилки, шунга ўхшаш саволлар яна турли даражаларда кўтарилади.

ЮНИCЭФ инклюзив жамиятни яратишда мавжуд қийинчиликларни тизимли равишда ҳал қилиш бўйича аниқ таклифларга эга.

Биринчидан, ногиронлиги бўлган болалар ўз оилалари билан қолиб, ҳамма билан бирга ўқишлари керак. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, агар инклюзивлик тўғри амалга оширилса (Инклюзив таълим — тенг муносабатни таъминлайди), синфдаги барча болалар фойда кўради. Ўқитувчининг диққатини бир ўқувчига қаратиш уни бошқалардан чалғитмайди — аксинча. Ҳар бир ўқувчи индивидуал ёндашувга муҳтож ва ўқитувчи бу техникани эгаллаши керак. Бундан ташқари, инклюзивлик ногиронлиги бўлмаган болаларнинг ҳамкорлик қилиш, биргаликда ишлаш, турли нуқтаи назарларни тушуниш ва қадрлаш, танқидий фикрлаш ва яхши таълим натижаларини намойиш этиш қобилиятини оширади.

Ҳа, тадқиқотлар шуни кўрсатадики, асосий мактаб ўқувчиларининг аксарияти ногиронлиги бўлган тенгдошлари билан бир хил муҳитда ўқиганларида, имтиҳонларда яхшироқ натижаларга эришади, тестларни яхши топширади.

Иккинчидан, ногиронлиги бўлган инсонлар билан яқин ҳамкорликда ногиронлиги бўлган болалар ва катталар ҳамда уларнинг тарбияланувчиларига ҳаёт давомида сифатли инклюзив ижтимоий хизматлар ва имтиёзлар тақдим этишнинг миллий тизимини ишлаб чиқиш зарур.

Учинчидан, ногиронликнинг ижтимоий модели асосида маҳалла даражасида 0 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларни комплекс эрта аниқлаш ва барвақт тиббий ёрдам кўрсатишнинг комплекс тизимини жорий этиш зарур.

Ниҳоят, стигма ва дискриминацияга олиб келадиган муносабатларни ўзгартириш керак. Жамият аъзолари сифатида биз ногиронлик ҳақидаги тасаввуримизни таҳлил қилишимиз ва уни ўзгартиришимиз керак, чунки идрок кўпинча энг катта тўсиқдир.

Ўйлаймизки, бугун биз ушбу кунни нишонлар эканмиз, бизга имконияти чекланган болалар ҳаётини яхши томонга ўзгартира оладиган амалий ечимлар керак бўлади.