Тошкент шаҳрининг иссиқлик таъминоти тизими қандай йўлга қўйилган, истеъмолчиларни иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув билан таъминлаш масъулияти қандай тақсимланган? Нима учун баъзиларнинг батареялари қайноқ, бошқаларники эса деярли исимайди? Veolia Energy Tashkent «Газета.uz»га юқоридаги саволларга жавоб бериб, иссиқ сув ёки иситиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлса, қаерга мурожаат қилиш кераклиги борасида маълумот улашди.

Бу каби тез-тез бериладиган саволларга жавоб беришдан аввал бир нечта бўғинлардан иборат бўлган Тошкент шаҳрининг марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизими қандай кўринишини аниқ тушунтириш керак:

  1. «Тошкент иссиқлик маркази» ДУК ва «Тошкент ИЭС» АЖ корхоналари. Пойтахтнинг 90 офиз иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаради ва Veolia Energy Tashkent`га узатади.
  2. Veolia Energy Tashkent МЧЖ (собиқ «Тошиссиққуввати» ДУК). Ўзининг 215 та қозонхонасида 10 фоиз иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаради. Жами ишлаб чиқилган иссиқлик энергиясини уйлар ва биноларга етказиб беради.
  3. Бошқарув компаниялари. Иссиқлик энергиясини хонадонгача етказиб беради.

Иссиқ сув ва иссиқлик таъминотида носозлик қайси ташкилотнинг масъул ҳудудида юз берса ўша ташкилот муаммони ҳал қилиши мумкин.


Қайси ташкилот нима учун жавобгар?

Иссиқлик таъминоти ташкилоти (Veolia Energy Tashkent) ва пудратчи (истеъмолчи) ўртасидаги масъулиятни тақсимлаш ҳукуматнинг 2014 йилда тасдиқланган «Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари» қарори билан тартибга солинади.

Veolia Energy Tashkent иссиқлик энергиясини «Тошкент иссиқлик маркази» ДУК ва «Тошкент ИЭС» АЖ иссиқлик тармоқларидан уйларнинг ер тўла қисми ёки элеватор қисмигача етказиб беради.

Бошқарув компанияси эса иссиқлик таъминотини уй ичидаги иситиш тизимлари орқали амалга оширади ва уй ичидаги иситиш тизимларининг техник ҳолати ва тўғри ишлаши (профилактика, назорат қилиш, созлаш, ювиш ва иситиш мосламаларидаги нуқсонларни бартараф этиш) учун жавобгар ҳисобланади. Хонадон эгалари уй ичидаги иситиш мосламаларининг (радиаторлар, батареялар) ҳолати ва хизмат кўрсатишга яроқлилиги учун жавобгар бўлади.

Шуни эсда тутиш керакки, юқорида таъкидланган «Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари»га кўра, хонадон эгаларига уй ичидаги иситиш мосламаларига ўзгартиришлар киритиш тақиқланади. Иссиқ сув таъминотига «иссиқ пол» тизимини улаш, радиаторлар бўлимларини кўпайтириш ва бошқалар қўшни хонадонларда иссиқлик энергиясининг гидравлик қаршилиги ва керакли миқдорда етишмаслигига бевосита таъсир қилади.


Муаммо қайси томонда эканлигини қандай аниқлаш мумкин?

Аввало, сифатли иссиқлик энергияси сизнинг уйингизга етиб боришига ишонч ҳосил қилишингиз керак. Бунинг учун бошқарув компанияси вакилидан баланс аксессуарларини ажратиш нуқтасида ўрнатилган қурилмаларнинг маълумотларини кўрсатишни сўранг (элеватор мосламасининг кириш қисмида). Улар қуйидагича бўлиши керак:

  • ҳарорат 50 даражадан 75 даражагача;
  • ажратиш нуқтасида иссиқ сув таъминоти тизимидаги босим 0,03 МПа (0,3 кгф/см куб) дан 0,45 МПа (4,5 кгф/см куб) гача.

Агар кўрсаткичлар меъёрда бўлса, демак Veolia Energy Tashkent уйни зарурий сифатдаги иссиқлик энергияси билан таъминлаяпти ва муаммонинг сабабини бошқарувчи компания томонидан излаш керак.


Хонадонлар эгалари ёки бошқарув компанияси томонидан уй ичидаги иситиш тизимларининг нотўғри ишлатилиши ёки ўз вақтида техник хизмат кўрсатилмаслиги бошқа хонадонларда, бошқа кириш жойларида ёки бутун уй миқёсида иссиқлик таъминотида узилишларга олиб келиши мумкин.

Иссиқлик қувуридаги жиҳоз кўрсаткичлари стандартларга мос келмаса, нима қилиш керак?

Бундай ҳолда, Veolia Energy Tashkent туман бошқармасига ариза билан мурожаат қилиш зарур. Вазият бўйича ишлаш учун назоратчи параметрларни кўрсатувчи далолатнома тузади.


Агар иссиқ сув ёки иссиқлик таъминоти бутунлай ўчирилган бўлса, нима қилиш керак?

Ўчириш магистраль қувурдаги авария туфайли бўлиши мумкин. Бундай ҳолда, Veolia Energy Tashkent компаниясининг расмий Telegram каналини текширишингиз керак. Бу ерда иссиқлик етказиб берувчи форс-мажор ҳолатлари ҳақида хабар беради ҳамда иссиқ сув ва иссиқлик таъминотини тиклаш вақтини кўрсатади.