Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларига йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш ишлари талаб даражасида эмас. Ваҳоланки, президентнинг «Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ўқув базасини яратиш вазифаси аниқ белгилаб қўйилган бўлса-да, ҳамон сусткашликка йўл қўйилмоқда. Бу ҳақда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитасида 29 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда сўз юритилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Қўмита раиси Қутбиддин Бурхоновнинг қайд этишича, давлат раҳбари томонидан 2020 йил апрелда имзоланган қарорнинг бир қанча бандини бажаришда камчиликлар кузатилмоқда.

«Қарорда Ички ишлар вазирлиги зиммасига боғча тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчиларида йўл ҳаракати қоидалари бўйича бошланғич билимларни шакллантиришга қаратилган моддий-техник ва ўқув базасини яратиш вазифаси юклатилган. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, жорий йилнинг 9 ойи давомида ўн мингдан ортиқ мавжуд мактабларнинг бор-йўғи 588 таси ёки қарийб 6 фоизига ҳаракат хавфсизлиги синфхоналари ташкил этилган, холос», — деди у.

Сенаторнинг таъкидлашича, ИИВ томонидан тақдим этилган маълумотда йўл ҳаракати қоидаларини болаликдан сингдириш мақсадида ХТВ билан ҳамкорликда мактаб ўқувчилари учун ЙҲҚ бўйича дарсликлар тайёрланаётганлиги маълум қилинган. «Аммо бу дарсликлар қачон амалга татбиқ этилиши тўғрисида аниқ маълумот берилмаган», — деди Бурхонов.

Аввалроқ, Ўзбекистонда 2022 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида 7 636 та йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) қайд этилиб, улар оқибатида 226 нафар бола ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

Сенатор Қутбиддин Бурҳонов болалар ўлими билан боғлиқ ҳолат ҳақида тўхталаркан, жумладан, шундай деди: «Бу ҳолат барчамизда бирдек ташвиш уйғотади. Биз 200 дан зиёд боланинг ўлими ҳақида гапиряпмиз, ваҳоланки тинч замонда бир нафар боланинг ҳам бу тарзда ҳалок бўлиши — фожиа».