Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фурқат Сидиқов АҚШ элчиси Жонатан Девид Хенникни қабул қилди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Учрашувда Ўзбекистон — АҚШ стратегик шериклик муносабатларинининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари кўриб чиқилган.

«Томонларнинг фаол ва конструктив сиёсий мулоқотни давом эттиришга тайёрлиги қайд этилди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, режалаштирилган тадбирлар, жумладан, Ўзбекистон ва АҚШ Стратегик шериклик мулоқотининг навбатдаги йиғилиши билан боғлиқ ташкилий ва мазмундорлиги жиҳатлари муҳокама қилинган. Савдо, инвестиция, инновация, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар кўриб чиқилган.

Элчи АҚШ маъмуриятининг Ўзбекистонга молиявий-техник кўмак бериш ва пандемияга қарши курашда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлаган.

Минтақавий ҳамкорлик масалаларига, хусусан, «C5+1» мулоқот формати доирасидаги алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди. Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилган.

Ўзбекистоннинг афғон халқига кўмаклашиш ва қўшни мамлакатда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлари юксак баҳоланган.

Учрашувда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) Ўзбекистондаги миссияси директори Микела Мередит ҳам иштирок этган.