Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Қоракўлда Cobalt ҳайдовчиси ИИБ ходимлари томонидан йўли тўсилишига қарамасдан бошқа бир Cobalt`ни уриб қочгани айтилган видеохабар юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 28 ноябрь куни соат 13:00 ларда Қоракўл туман ИИБ профилактика инспектори катта лейтенант Рустамов Абдулло бошқарувида бўлган Cobalt 80 З919 ОА давлат рақам белгили автомашинасида туман марказий шифохонасидан хизмат ҳудуди «Пахтакор» маҳалласи томонга ҳаракатланиб бораётган бўлган.

Бу вақтда марказий Деҳқон бозори рўпарасида унинг автомашинаси орқасидан қора рангли, ён ойналари қорайтирилган, давлат рақам белгисиз Cobalt автомашинаси келиб уриб, ЙТҲ содир этган.

Шундан сўнг профилактика инспектори катта лейтенант Абдулло Рустамов автомашинадан тушиб, ҳайдовчига тўхташ ишорасини қилган. Ҳайдовчи эса ИИБ ходимининг қонуний талабига бўйсунмасдан профилактика инспектори катта лейтенант бошқарувидаги машинанинг олд қисмига шикаст етказиб, воқеа жойидан номаълум томонга қочиб кетган.

«Олиб борилган тезкор қидирув-суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу кора рангли Cobalt ҳайдовчиси „Қуввача“ маҳалласида яшовчи 1989 йилда туғилган фуқаро Ж.М. эканлиги, автомашинани Олот тумани „Нуробод“ маҳалласида ташлаб қочиб кетгани аниқланди. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳолда автомашина жарима майдончасига жойлаштирилди», — дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан хизмат текшируви ҳамда туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.