«Ўзгидромет» марказининг хабар беришича, 29−30 ноябрь ва 1 декабрь кунлари А-373 «Тошкент — Ўш» автойўлининг Қамчиқ довони ҳудудида қор ёғиши, вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик, туман кузатилиши, кўринувчанлик 50 м гача пасайиши, шамол тезлиги 17−20 м/с гача кучайиши, автойўлда қор уюмлари юзага келиши мумкин.

Шунингдек, Тошкент вилояти Оҳангарон тумани, Бўстонлиқ туманидаги Чотқол тизмасининг «Чимён» тоғлари табиий ҳудуди бўйлаб қор кўчиш хавфи эълон қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда кузнинг охирги кунлари об-ҳаво салқин ва ёмғирли бўлиши кутилмоқда. Ёғингарчилик душанбадан бошланади. 29−30 ноябрь кунлари ҳудудларда ёмғир кучайиб, қишнинг дастлабки кунларида қорга айланади. Ҳафта охирига келиб ҳаво ҳарорати кечаси -5 даражагача, кундузи +5 даражагача пасаяди.