Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Беларусь ташқи ишлар вазири Владимир Макейнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Вазирлик Владимир Макейнинг бевақт вафоти ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилганини таъкидлаб, унинг моҳир ва тажрибали дипломат, ўз соҳасининг устаси ва Беларуснинг ҳақиқий ватанпарвар инсони бўлганини қайд этди.

«Унинг кўп қиррали Ўзбекистон — Беларусь муносабатларини ривожлантиришга бўлган самимий интилиши алоҳида эътиборга молик. Айниқса, сўнгги йилларда у икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшди. Владимир Макей ўзидан ижобий ва ёрқин хотиралар қолдирди», — дейилади хабарда.

Вазирлик унинг ҳамкасблари, яқинлари ва дўстларига далда сўзларини билдирди.

Маълумот ўрнида, Владимир Макей 27 ноябрь куни номаълум сабабларга кўра вафот этди. У 1958 йилда туғилган, 2012 йилнинг августидан буён мамлакат ташқи ишлар вазирлигига раҳбарлик қилиб келган. Унгача 2008 йилдан Беларусь президенти Александр Лукашенконинг маъмуриятига раҳбарлик қилган. 2000 йилдан 2008 йилга қадар Лукашенконинг ёрдамчиси бўлган.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Беларусь ташқи ишлар вазири билан сўнгги марта Самарқандда 14 сентябрь куни учрашганди.