Адлия вазирлиги ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ташаббускор гуруҳи вакиллари ҳукуматнинг халқаро грант лойиҳаларини амалга оширишда ННТларнинг давлат органлари билан ҳамкорлигини тартибга солишга қаратилган июндаги қарорини муҳокама қилиш учун учрашди. Бунга ННТ ва фуқаролик фаолларининг яқинда ушбу қарорни бекор қилишни сўраб қилган очиқ мурожаати сабаб бўлди.

Учрашув якунларига кўра томонлар Ўзбекистон ННТлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА) ҳузурида қарорни такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрловчи ишчи гуруҳ ташкил этишга келишиб олди.

Ташаббускор гуруҳнинг ҳукуматга қаратилган мурожаатини «Газета.uz» 17 ноябрь куни эълон қилган эди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг 13 июндаги 328-сон «Маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотларининг халқаро грант лойиҳаларини амалга оширишда давлат бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорини бекор қилиш зарурлиги ҳақида сўз боради.

ННТ вакиллари фуқаролик фаоллар ўз мурожаатида ушбу қарор ННТларнинг ишларига бевосита аралашув экани ва уларнинг халқаро грантлар орқали молиявий манбалар олиш имкониятларини қийинлаштиришини бандма-банд тушунтириб берганди. Ташаббускор гуруҳ ушбу ҳолат ННТларнинг ҳуқуқларининг бузилиши эканини ва фуқаролик жамиятининг мустақил институтларини ўз лойиҳаларини амалга оширишда миллий ҳамкорга тобе қилиб қўйишини қайд этиб ўтган эди.

Бундан ташқари, мурожаатда ушбу қарор ННТ вакиллари билан на юзма-юз учрашувлар кўринишидаги муҳокамаларда, на Regulation.gov.uz'да онлайн-муҳокама тарзида келишилмаган. Ҳатто 1300 дан ортиқ ННТларни бирлаштирган ва давлат органларида ННТларнинг манфаатларини ҳимоя қилиши керак бўлган ЎзННТМА ҳам ушбу ҳужжатнинг муҳокамасига жалб этилмаган ва ННТлар билан муҳокамасини ташкиллаштирмаган. Оқибатда ҳужжат парда отида қабул қилинган, бу эса, ННТ вакилларининг қайд этишича, президентнинг 2018 йил 4 майдаги 5430-сон фармони талабларига зид.

21 июнь куни ЎзННТМА ёзда «Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорлиги» мавзусида ўтказилган миллий форумда 328-сон қарор юзасидан муҳокамалар олиб борилгани ва қарорнинг фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига таъсирини ҳар томонлама ўрганиб чиқиш бўйича қарор қабул қилинганини маълум қилди. Аммо ЎзННТМА бу каби муҳокамаларда айнан қайси ННТ ва қандай фуқаролик жамияти институти вакиллари қатнашганига аниқлик киритмаган.

ЎзННТМА кенгаши раиси Камолиддин Ишанходжаев. Фото: Адлия вазирлиги

Бунгача Адлия вазирлиги ҳам ташаббускор гуруҳнинг мурожаатига дастлабки жавоб муносабатини эълон қилган эди.

Адлия вазирлиги вакиллари ва мурожаат ташаббускорлари ўртасидаги учрашувда адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов бундайин учрашув аслида анча аввал ўтказилиши лозим бўлганини тан олиб, долзарб мурожаат билан чиқиш қилгани учун ташаббускор гуруҳга миннатдорлик билдирган, унинг таъкидлашича, бунгача ҳеч ким ушбу қарор юзасидан вазирликка мурожаат қилмаган.

Музраф Икромов Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 октябрдаги 858-сон қарори (нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет элликлардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни келишиш тартиби ҳақида) мазмунини тушунтириб берган. У, шунингдек, ушбу ҳужжатнинг 328-сон қарордан фарқли жиҳатларини ҳам кўрсатиб ўтган.

Ташаббускор гуруҳ вакиллари 328-сон қарор билан ишлаш билан боғлиқ аниқ фактлардан келиб чиқиб, ННТларнинг халқаро грант лойиҳалари билан ишлашида юзага келган қийинчиликлар ҳақида сўзлаб берган.

Мурожаат ташаббускорлари айрим давлат органлари ушбу қарорни амалда нотўғри татбиқ этмоқда, ҳамкорлик доирасида ННТлар учун сунъий тўсиқлар қўйилмоқда, оқибатда эса ушбу қарордан кўзланган мақсадларни ҳар доим ҳам рўёбга чиқариб бўлмаяпти.

ННТ ва фуқаролик фаоллари ташаббускор гуруҳи аъзолари. Фото: Адлия вазирлиги

Учрашув якунларига кўра, томонлар 328-сон қарор ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларининг таклифлари асосида изчил қайта кўриб чиқилиши лозимлиги борасида бир тўхтамга келган. Улар қарорни қўллаш амалиётини бундан кейин ҳам ўрганиш ва аниқланган муаммоларни ҳал қилишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш бўйича келишиб олган.

ЎзННТМА бошчилигида мурожаат ташаббускорларини ҳам таклиф қилган ҳолда ҳукуматнинг ушбу қарорига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрловчи ишчи гуруҳ тузиш ҳақида қарор қабул қилинган.