Чоршанба куни Европа парламенти кўпчилик овоз билан Россия Федерациясини «терроризм ҳомийси бўлган давлат» деб тан олди. Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ўзининг Telegram`даги каналида мазкур ҳолатни изоҳлар экан, «бу қарор, ҳозирча рамзий-сиёсий маънога эга, ва реал ҳуқуқий оқибатлари мавжуд эмас», дея таъкидлади.

«Лекин, бу катта қадамларнинг бошланиши бўлиши мумкин. Европарламент Европа комиссияси ва Кенгашини Россияга нисбатан „террор ҳомийси бўлган давлат“ сифатида муомалада бўлишга чақирган. Яъни, расмий Москвани тўлиқ ихоталаш тавсия қилинган», — деди у.

«АҚШда ҳам бир неча ойдан бери Россияни „терроризм ҳомийси бўлган давлат“ сифатида баҳолаш чақириқлари бор, — дея сўзида давом этди Раббимов. — Лекин, Байден маъмурияти бу таклифга қарши. Чунки, АҚШ қонунчилигига кўра, Вашингтон қайси бир давлатни „терроризм ҳомийси“ деб тан олса, унга нисбатан реал ҳуқуқий механизмлар ишлаши керак».

Сиёсатшунос Россияга нисбатан шундай механизмларни жорий қилишни оқибатлари «глобал даражада катта ўзгаришларга олиб келади», деган фикрда.

Мисол учун, Россия БМТнинг Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоси. Агар Россия «терроризм хомийси бўлган давлат» деб тан олинса, БМТ Хавфсизлик кенгашидан чиқарилиши назарда тутилиши керак. Бунинг учун, Хавфсизлик Кенгашининг қолган доимий аъзолари ҳам бунга розилик бериши керак. Қолаверса, Россия билан АҚШ ва ғарб давлатларининг дипломатик муносабатлар деярли узилиши еки жуда пасайиши керак бўлади.

Назаримда, Россияга нисбатан реал босимлар Путин ҳокимиятдан кетганидан кейин ҳам тўхтамайди. Россияни қўлидан ядро қуролини олиб қўйиш, БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги уни вето ҳуқуқини олиш ташлашга интилиш ҳам кучаяди.

«Путин, Россияни қайтадан империяга айлантиришни орзу қилиб, уни бор қудратига ҳам тарихий зарба бериб қўйди. Россия бу вазиятдан 2021 йилдаги каби жамулжам ресурслар ва қудрат билан чиқа олмайди, албатта заиф ёки ўта заиф ҳолатда чиқади», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, 23 ноябрь куни Европарламент Россия қўшинларининг Украинадаги тинч аҳолига нисбатан ваҳшийликлари учун Россияни терроризм ҳомийси сифатида тан олди. Шунингдек, депутатлар Европа кенгашини Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ва «Қодировчилар» полкини террорчи ташкилотлар рўйхатига киритишга чақирди.

Қарорни 494 депутат қўллаб-қувватлади, 58 депутат қарши чиқди, 44 депутат бетараф қолди.

Европарламент йиғилиши кун тартибида қайд этилганидек, РФнинг терроризм ҳомийси сифатида тан олиниши «президент Путин ва унинг ҳукуматини уруш жиноятлари учун халқаро трибунал олдида жавоб беришга» йўл очади.

«Европа Иттифоқи ҳозирда давлатларни терроризм ҳомийлари сифатида расман белгилашга қодир эмаслиги сабабли, парламент Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатларни тегишли ҳуқуқий базани яратишга чақиради», — дейилади баёнотда.