Давлат хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридаги 4H-1071 «Хонобод-Туркобод» автомобиль йўлининг 0−7 км қисмида асфальтбетон қатламларининг қалинлиги меъёрдан кам қилиб ётқизилган. Бошқарма 2021 йилнинг феврал ойида йўлни лойиҳа ва меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқ деб топган. Бунинг ортидан давлат манфаатларига кўп миқдорда зарар етказилгани маълум бўлди.

Мутасадди идоралар мазкур йўлдаги асфальтбетон қатламининг қалинлигини қайта ўрганди. Бироқ, ундан олинган 73 та намуналарнинг қалинлиги лойиҳа ва меъёрий ҳужжатлар талабларига мос эмаслиги аниқланди.

Оқибатда бош пудратчи жами 86 728 АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳажмини қўшиб ёзгани маълум бўлди. Текшириш давомида ушбу қўшиб ёзилган иш ҳажмлари тўлиқ бартараф этилди, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолатда «Ўзйўлинспекция»нинг масъул ходимлари ва бошқаларга Транспорт прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 205 (Ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддалари (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилди.