Америка Қўшма Штатлари Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистонга қарийб 410 минг долларлик 131 тонна озиқ-овқат ёрдами етказиб берди, Бу ҳақда АҚШ элчихонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

«Ушбу ўн учинчи йиллик озиқ-овқат ёрдами партияси сабзавот ва дуккакли экинларнинг аралашмасидан иборат бўлиб, у микроэлементлар билан тўйинтириш, кунлик калория ва оқсил миқдорини ошириш ҳамда сақлаш муддатини узайтириш учун махсус ишлаб чиқилган», — дейилади хабарда.

Бунда озиқ-овқатлар мамлакатнинг 35 минг нафар энг ҳимоясиз фуқаролари учун 98 та соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасаларида 6,6 млн порцияга тақсимланади. Жумладан, сил касаллигига чалинган беморларни узоқ муддатли даволаш муассасалари, меҳрибонлик уйлари, кексалар ва ногирон болаларни соғломлаштириш ва қўллаб-қувватлаш муассасалари шулар жумласидандир.


Тақсимлаш Американинг Resourse and Policy Exchange нотижорат ташкилоти томонидан Ўзбекистонда фаолият юритувчи «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди билан ҳамкорликда амалга оширилади.

2010 йилдан бери USAID`нинг Озиқ-овқат маҳсулотларига кўмаклашиш бўйича халқаро ҳамкорлик дастури Ўзбекистонга умумий қиймати 4 млн доллардан ортиқ бўлган 1425 тонна озиқ-овқат ёрдамини етказиб берди.

Ўзбекистонга етказилган мазкур янги гуманитар ёрдам АҚШнинг мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасига узоқ муддатли сармояси сифатида 122 млн доллардан кўпроқ маблағ ва сўнгги 20 йил давомида жами 1 млрд доллардан ортиқ ёрдам ҳисобини тўлдиради, дейилади ҳисоботда.

Маълумот учун, АҚШ 2021 йилнинг июль ойида ҳам USAID агентлиги орқали Ўзбекистонга 131 тонналик сабзавот ва дуккакли маҳсулотлар аралашмасидан иборат озиқ-овқат ёрдамини тақдим этганди.