22 ноябрь кечаси соат 00:00 да ЖЧ-2022'нинг B гуруҳидан жой олган иккинчи ўйин АҚШ ва Уэльс терма жамоалари учрашувига старт берилди. Ҳужумлар, хавфли вазиятлар ва бошқа кўрсаткичлар бўйича ҳам кучлар тенг кўринган ушбу учрашув 1:1 ҳисоби билан якунланди. Аввалроқ ушбу гуруҳдан жой олган Англия ва Эрон терма жамоалари учрашуви бўлиб ўтган эди.

Аҳмад бин Али стадиони.

АҚШ — Уэльс ўйини Ар-Райян шаҳридаги Аҳмад бин Али стадионида бўлиб ўтди. Ушбу стадионни, шунингдек, Ар-Райян стадиони деб ҳам аташади. Ушбу майдон ўз бағрига 40 минг кишини сиғдира олади. Аҳмад бин Али стадионида ЖЧ-2022'нинг яна 6 та учрашуви бўлиб ўтади.

АҚШ — Уэльс 1:1

Аввалбошданоқ ушбу икки терма жамоа қарама-қаршилигида кимнинг қўли баланд келиши борасида аниқ бир фикр айтиш қийин эди. Кимдир АҚШда ҳозир номдор футболчиларнинг кўплигини айтса, кимдир Уэльс терма жамоасининг чемпионатлардаги (айниқса Евро-2016 ва Евро-2020'даги иштироки) тажрибасини келтиради. Бироқ ушбу ўйиндан дуранг кутаётганлар ҳам бор эди.

1-таймда АҚШ терма жамоаси устунлик қилди: ҳисоб борасида ҳам, позицион ҳужумлар борасида ҳам. 9 дақиқадаёқ АҚШ ҳисобни очишига сал қолганди: Саржентнинг зарбасидан сўнг тўп дарвоза тўсинига тегди. Ўйин «темпидан» гўёки АҚШ бутун ўйин давомида тизгинни қўлдан бой бермайдигандек эди. 20-дақиқалардан сўнг ўйин тезлиги бироз пасайди ва жамоалар асосан майдон марказида тўп суришди.

36-дақиқага келиб ниҳоят ўйинда ҳисоб очилди. Кристиан Пулишич марказ бўйлаб кириб келди ва жарима майдончаси ичига, Тимоти Веага чиройли пас узатди. Собиқ футболчи, олтин тўп соҳиби ва ҳозирда Либерия президенти Жорж Веанинг ўғли Тимоти Веа тўпни устамонлик билан Уэльс дарвозасига йўналтирди — 1:0! Ҳа, Тимоти Веа айнан ушбу машҳур инсоннинг ўғли. У ҳозирда Франциянинг «Лилль» клубида тўп сўради. Унинг голи 1-таймдаги ягона гол бўлиб қолди.

Тимоти Веа голни нишонламоқда.

2-таймда эса Уэльс терма жамоаси гўёки уйғонгандек бўлди ва бир нечта кескин ҳужумлар ташкиллаштирди. Аммо кўпгина имкониятлар ҳам кўкка совурилди, айрим вазиятларда АҚШ терма жамоасини дарвозабон Мэтт Тёрнер қутқарди. Бироқ 80-дақиқада ҳакам АҚШ дарвозасига пенальти белгилади: жарима майдончаси ичида Гарэт Бэйлга нисбатан қўполлик ишлатилди. Пенальтини амалга ошириш учун 11 метрлик нуқтага Гарэт Бейлнинг ўзи келди. У ушбу зарбани қойилмақом даражада амалга оширди: 1:1! Бу Гарэт Бейлнинг терма жамоа сафидаги 41-голи бўлди.

Гарэт Бейл ҳисобни тенглаштирганидан сўнг.

Пенальтидан урилган гол Уэльс терма жамоасига яна ишонч қўшди ва улар яна ҳужумга ўтди. Бироқ навбатдаги ҳужумларга бироз кескинлик етишмади. Ҳакам 2-тайм учун яна 9 дақиқа қўшиб берди (бу ҳол такрорланмоқда!). Аммо қўшиб берилган дақиқалар на АҚШга, на Уэльсга ёрдам берди. Ўйин 1:1 ҳисоби билан якунланди.

Кейинги турда Уэльс терма жамоаси эронликлар билан баҳслашишади (25 ноябрь), АҚШ терма жамоаси эса Англия билан тўқнаш келади (26 ноябрь, соат 00:00 да). 2-тур натижалари гуруҳда иккинчи ўрин учун қайси терма жамоалар курашишини ойдинлаштириб беради. B гуруҳининг ҳозирги ҳолатида Англия терма жамоаси 3 очко билан 1-ўринни эгаллаётган бўлса, Уэльс ва АҚШда вазият ҳозирча бир хил — ҳар бирида 1 очкодан бор.