21 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 18:00 да ЖЧ-2022'нинг B гуруҳидан жой олган Англия ва Эрон терма жамоалари ўртасидаги ўйинга старт берилди. Гарчи футбол ихлосмандлари Эрондан жиддий қаршилик кутган бўлса-да, ушбу учрашув 6:2 ҳисоби билан якунланди. Бундан ташқари, Англия сўнгги 6 та ўйинидан буён ғалаба қозона олмаётган эди. Аммо ушбу ўйинда Англия Жаҳон чемпионатида бошқача руҳ билан ўйинга тушишларини, олдинги ўйинларга қараб хулоса чиқариш нотўғри эканлигини кўрсатиб қўйишди.

Халифа халқаро стадиони.

Англия — Эрон ўйини Доҳадаги Халифа халқаро стадионида бўлиб ўтди. «Халифа» стадиони Қатарнинг энг тарихий стадиони ҳисобланади, у 1976 йилда қурилган. ЖЧ-2022 учун стадион қайта таъмирланиб, объектга совутиш тизими ва 12 мингта қўшимча ўриндиқ ўрнатилди. Ушбу стадион ўз бағрига 68 минг томошабинни сиғдира олади.

Эрон терма жамоаси мамлакатдаги намойишлар чоғида ҳалок бўлганларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўйин бошланишидан аввал давлат мадҳиясини куйламади. Одатда ушбу терма жамоа мадҳияни жамоа билан жўр бўлган ҳолда куйлар эди.

Англия — Эрон 6:2

Учрашувнинг биринчи тайми Англия терма жамоасининг кескин ҳужумлари билан бошланди. Учрашувнинг 9-дақиқасида ана шундай ҳужумларнинг бирида Эрон терма жамоаси дарвозабони Алиризо Бейранванд Англиянинг ҳужумини тўхтатиш учун тўпга чиқиб, жамоадоши билан ноқулай тарзда тўқнашиб кетди ва анча вақт майдонда ўзини ёмон ҳис қилган ҳолда ётди. Ушбу эпизод сабабли, ўйин анча вақтгача тўхтаб қолди ва шу сабабга кўра кейинроқ ҳакам биринчи таймга 14 (!) дақиқа қўшиб берди. Учрашувнинг 20-дақиқасида Эрон терма жамоаси ўз дарвозабонини алмаштиришга мажбур бўлди. Иккинчи дарвозабон буни кутмаган чоғи, биринчи таймнинг ўзида 3 та гол ўтказиб юборди.

Алиризо Бейранванд ёрдам кўрсатилмоқда.

Англия терма жамоасининг биринчи голини 35-дақиқада 19 ёшли Жуд Беллингем киритди. Бу унинг терма жамоадаги илк голи эди. Орадан саккиз дақиқа ўтар-ўтмас Букайо Сака Эрон дарвозасини чиройли зарба билан ишғол этди. Яна икки дақиқадан сўнг ҳисоб 3:0 кўринишини олди: Харри Кейннинг чиройли пасидан сўнг Раҳим Стерлинг ҳаводаги зарбаси билан дарвозабонни доғда қолдирди.

Кейинги дақиқаларда ҳам Англия ҳужум қилишда давом этди, аммо ҳужумларда олдингидек ўткирлик етишмади, баъзи пайтлар Англия жамоасида мотивация қолмагандек кўринди. 1-таймда бўлган тўхталишлар ҳисобига тайм салкам 60 дақиқа давом этди ва 1-тайм 3:0 ҳисоби билан якунланди.

2-тайм бошланишидан олдин Эрон терма жамоаси мураббийи Карлуш Кейруш бирданига 3 нафар ўйинчини алмаштиришга қарор қилди. Жиддий қарор. Аммо ўйиннинг 62-дақиқасида Букай Сака учрашувда дубль қайд этди ва ҳисобни 4:0 кўринишига келтирди. Сал ўтиб, 65-дақиқада «Порту» футбол клуби ҳужумчиси Меҳди Тареми Эроннинг чемпионатдаги илк голини киритганида эса учрашувга бироз «интрига» қайтгандек бўлди. Аммо бу узоққа чўзилмади ва 72-дақиқада бир дақиқа олдин майдонга тушган Маркус Рэшфорд Англия терма жамоасининг 5-голини киритди.

89-дақиқада Жек Грилиш ҳисобни яна катталаштирди — 6:1. Бироқ ҳаммасидан ҳам қизиғи, ҳакамнинг 2-таймга 10 дақиқа қўшиб бергани бўлди. Эҳтимол, ушбу учрашув футбол тарихидаги энг узоқ давом этган ўйинлардан бири бўлгандир: 1-таймда +14 дақиқа, 2-таймда +10, демак асосий вақтнинг ўзи 114 дақиқа давом этди. Қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнгида ҳакам англияликлар дарвозасига пенальти зарбаси белгилади: Англия ҳимоячилари жарима майдончаси ичидаги Эрон ҳимоячисининг футболкасидан тортиб, уни тўхтатиб қолишди. Тўп олдида Меҳди Тареми: пенальти унга дубльга эришиш имкониятини яратди. Ва Тареми ишончни оқлаган ҳолда ҳисобни 6:2 кўринишига келтирди. Шу билан ҳакамнинг ҳам ўйинни якунловчи хуштаги чалинди. Англия терма жамоаси ҳозирча гуруҳда пешқадам бўлиб олди.


22 ноябрь кечаси Тошкент вақти билан соат 00:00 да ушбу гуруҳнинг яна икки терма жамоаси АҚШ ва Уэльс ўртасидаги учрашув бўлиб ўтади. Англия терма жамоаси эса 2-турни 26 ноябрь кечаси соат 00:00 да АҚШ терма жамоасига қарши ўтказади. Эронликлар эса 25 ноябрь куни 15:00 да навбатдаги тур доирасида Уэльс терма жамоасига қарши майдонга тушишади. Ҳозирча Эрон терма жамоаси плей-офф босқичига чиқиш имкониятидан маҳрум бўлганича йўқ — барчасини навбатдаги ўйинлар ҳал қилади.