21 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев Францияга расмий ташрифи доирасида Париж шаҳрида ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Тадбирда «MEDEF» Франция корхоналари ҳаракати бош директори Филипп Готье, «Airbus», «Orano», «Suez», «Alstom», «Total Eren», «EDF», «Schneider Electric», «Natixis» каби 20 тага яқин йирик компания ва банклар раҳбарлари иштирок этди.

Президент учрашув иштирокчиларини қутлаб, расмий ташрифнинг биринчи кунидаги тадбирлар ишбилармонлик масалаларига бағишланганига эътибор қаратди.


«Бу Ўзбекистон муҳим ва ишончли ҳамкоримиз — Франция билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга интилиши қатъийлигидан яна бир бор далолат беради», — деди давлат раҳбари.

Бугун Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилгани таъкидланди. Валюта бозори эркинлаштирилди, фойдани репатриация қилишга барча чекловлар бекор қилинди, банклар, йирик саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш дастури бошланди, давлат-хусусий шериклик механизмлари фаол жорий қилинмоқда.

«Ҳар бир инвестор Ўзбекистон деганда, энг аввало, барқарорлик ва келажакка ишончни тасаввур қилишига интилаяпмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон франциялик тадбиркорларни ишлаб чиқариш учун зарур инфратузилма билан таъминлаш, имтиёзлар ва кафолатланган харидлар кўринишида қўллаб-қувватлаш ва бошқа кўмак чораларини тақдим этишга тайёр экани таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, «яшил» энергетика, озиқ-овқат саноати, кимё ва автомобилсозлик, электротехника ва электроника тармоқлари, соғлиқни сақлаш соҳасини узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун энг истиқболли йўналишлар сифатида қайд этди.


Шерикликни кенгайтириш режалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Франция ишбилармон доиралари вакиллари ўз чиқишларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади. Мамлакатда қайси аниқ лойиҳаларни амалга ошириш ниятида эканини баён қилди.

Франция бизнес делегациясининг ҳар бир аъзоси билан суҳбатлашиб, давлат раҳбари тадбиркорларни Ўзбекистонга келиш ва Ўзбекистон инвестиция киритиш учун энг қулай жой эканига ишонч ҳосил қилишни таклиф қилди.

Учрашув якунида Ўзбекистоннинг масъул раҳбарларига тадбирда билдирилган барча ташаббусларни ўз ичига олган ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари, аниқ муддатлари ва ижрочилари кўрсатилган Амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.