Германияда солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда гумонланаётган асли ўзбекистонлик россиялик тадбиркор Алишер Усмоновга нисбатан олиб борилган тергов Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги дипломатик муносабатларни кескинлаштирди. Бу ҳақда Reuters Spiegel журналига асосланиб хабар бермоқда.

Нашр маълумотларига кўра, икки давлат дипломатлари ўртасида қатор «инқирозли музокаралар» бўлиб ўтган, жумладан, Германиянинг Тошкентдаги элчиси Тило Клиннер сентябрь ойи охирида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган, деб ёзади нашр.

Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчиси Набижон Қосимов Германия Ташқи ишлар вазирлигидан Федерал жиноят полицияси бошқармаси билан учрашишни сўраган, бироқ бу натижа бермаган, дея хабар беради Spiegel.

Германия ташқи ишлар вазирлиги Reuters`нинг изоҳ бериш ҳақидаги сўровига жавоб бермади.

Аввалроқ Германия полицияси томонидан 21 сентябрь куни Алишер Усмоновга алоқадорлиги айтилаётган 24 та объектда тинтув ўтказилгани ҳақида хабар берилганди. Бир ҳафта ўтиб, Германия полицияси ҳам мамлакат шимолида миллиардернинг яхтасини тинтув қилди.

Spiegel`нинг ёзишича, тадбиркор 2014 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда жами 555 млн еврога яқин солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда гумон қилинмоқда.

Тадбиркорнинг вакиллари ноябрь ойида Швейцариянинг UBS банкидан пул ювишда гумон қилинаётган тергов ҳаракатлари тўғрисида расмий хабарлар олинмаганини маълум қилган эди. Тадбиркор 2000-йилларнинг ўрталаридан бери даромад ва харажатлар маълумотларини ошкор қилди.

«2014 йилдан бошлаб жаноб Усмонов солиқларни асосий инвестициялари жойлашган жойда, яъни Россия Федерациясида тўлаган. Бу Германияда даромад солиғини қайта тўлаш заруратини йўқ қилди», — дейилади матбуот хизмати изоҳида.

Ноябрь бошида Британиянинг The Financial Times газетаси Ўзбекистон Европа Иттифоқидан Алишер Усмоновга нисбатан санкцияларни бекор қилишни сўрагани ҳақида хабар берган эди. Нашр, Ўзбекистон томонига кўра, чекловлар тадбиркорнинг мамлакат иқтисодиётига сармоя киритишига тўсқинлик қилаётганини ёзган.