Сирдарё вилоятининг Ховос туманида янги иссиқлик электр станция ишга туширилди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

220 МВт қувватга эга газ-поршенли иссиқлик электр станцияси Туркиянинг Cengiz Enerji компанияси томонидан қурилган. Вазирлик маълумотларига кўра, ИЭС 20 ноябрь куни соат 10:00 дан электр тармоқларига энергия етказиб беришни бошлаган (дастлаб, 25 октабрдан ишга тушириш режалаштирилган эди).

Ўрнатилган «қурилмаларнинг фойдали иш коэффициенти юқорилиги» туфайли станция йилига 1,7 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва 150 млн куб метр табиий газни тежаш имконини беради. Тежалган табиий газ билан қўшимча 685 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин, дейилади хабарда.

Электр станциясининг қурилиши баҳорда бошланган эди. 29 март куни Ўзбекистон ва Туркия президентлари томонидан мазкур электр станция қурилишига старт берилганди.

Шу билан бирга, Тошкент вилоятида Cengiz Enerji компанияси иштирокида қурилган қуввати 240 МВт бўлган замонавий иссиқлик электр станциясини ишга тушириш маросими бўлиб ўтганди. У йилига 2 млрд киловатт-соат энергия ишлаб чиқаради.