Тармоқларда Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида бир қанча фермерлар ва ИИО ходимлари ўртасидаги жанжал акс этган видеотасвирлар тарқалди. Ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги ва Ички ишлар вазирлиги муносабат билдирди.

Дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг Telegram каналида ерини ҳимоя қилаётган фермернинг ери ноқонуний равишда ҳокимиятнинг ёрдами билан Surhon cotton textile cluster кластерига олиб берилгани ёзиб қолдирди.

Шунингдек, у узоқ вақт қонуний курашлардан сўнг фермер Олий суд орқали ўз ерини қайтариб олиш ҳақида қарорга эришгани, аммо маҳаллий ҳокимлик томонидан қарор ижро этилмай, фермерга ўз ери қайтариб берилмай келинаётганини қайд этди.

«Ҳокимият, ички ишлар ва бошқа идораларнинг кластерга „адвокатлик“ қилаётгани, қонунларни тан олмай фермерга зўравонлик қилаётгани Ўзбекистонда фермерларга оид қонунлар амалда ишламаётланини кўрсатмоқда. Айтишларича, видеода ерини ҳимоя қилаётган шахс Parda Turabov фермер хужалиги бошлиғи. Бу ишдан кейин Ички ишлар вазирлиги Қизириқдаги ходимларини раҳбари билан бирга тўлиқ кластерга ишга ўтказворгани маъқул», — деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев.

Қизириқ тумани ҳокимлиги матбуот хизмати вазиятга муносабат билдирар экан, халқ депутатлари Қизириқ туман Кенгашининг 2020 йил 10 декабрдаги қарори билан тумандаги жами 25,313 минг гектар ер майдонларини туман ҳокимлиги захирасига олиш ҳамда туманда янги ташкил этилган Surhon cotton textile cluster МЧЖга ажратиб бериш тўғрисида қарор қабул қилингани қайд этди.

Шунингдек, ҳукуматнинг 2021 йил 20 августдаги «Сурхондарё вилоятида замонавий агросаноат кластерларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 534-сонли қарорига асосан Қизириқ туман ҳокимлигининг захирасида бўлган 24,3 минг гектар ер майдонлари Surhon cotton textile cluster МЧЖга 25 йил муддатга ижарага бериш тўғрисида қарори қабул қилинган.

«Бироқ О.Туропов бошчлик қилаётган „П.Туропов“ ва 13 нафар бошқа фермер хўжалик раҳбарлари томонидан юқорида келтирилган Вазирлар Маҳкамаси қарорини ўзларига тегишли қисмларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида Тошкент туманлараро маъмурий судига шикоят қилишган. Тошкент туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарорларига асосан уларнинг шикоятлари қаноатлантиришдан рад этилган», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Кейинчалик улар суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлиб Тошкент шаҳар маъмурий судига апелляция тартибида шикоят қилишган.

Апелляция инстанцияси судининг ҳал қилув қарорига асосан Тошкент туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган ҳамда ариза талабидан воз кечиш ҳақидаги аризаларига асосан ушбу маъмурий иш юритишдан тугатилган. Термиз туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарорларининг ижросини таъминлаш юзасидан қилган шикоятлари ҳам рад этилган.

«Ҳозирда юқорида номлари келтирилган фермер ҳўжалиги раҳбарларининг ерга бўлган ҳуқуқлари бўлмаса-да, ўзбошимчалик билан Surhon cotton textile cluster МЧЖга тегишли ер майдонларига 2023 йил ҳосили учун ғалла экишмоқчи бўлишган», — дейилади муносабатда.

Ҳокимлик Олий суд томонидан ерлар фермерга қайтариб берилиши тўғрисида қарор қабул қилганига тўхталмаган.

Қайд этилишича, 18 ноябрь куни Surhon cotton textile cluster МЧЖ ходимларининг О.Туропов ва бошқалар ғалла экишга тўсқинлик қилаётгани тўғрисидаги мурожаати юзасидан туман ИИБ ходимлари ғалла экилаётган майдонларга тартиб сақлаш ва бошқа кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида боришган.

Ҳолатга муносабат билдирган Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур келишмовчиликлар очиқдан-очиқ жанжалга айланиб, воқеа иштирокчилари ўзларини трактор тагига ташлаш, бир-бирига ҳамда ўзгаларнинг транспорт воситаларига шикаст етказиш каби ҳаракатларни амалга оширган.

«Чақирувга асосан воқеа жойига етиб келган ҳудудий ички ишлар органлари ходимлари жамоат тартибини тиклаб, ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар билан профилактик суҳбат ўтказганлар. Барча воқеа иштирокчиларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, вазирлик ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли фикрларга барҳам бериш учун ички ишлар органлари ходимларининг тадбиркор ёки фермерларнинг иш фаолиятига аралашиш ҳуқуқлари йўқлигини, лекин мақсадидан қатъи назар, жамоат тартибини бузилишига йўл қўймасликларини эслатиб ўтди.