Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 18 ноябрь куни бўлиб ўтган 35-ялпи мажлисида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни кўриб чиқди. Ушбу қонунлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 14 ноябрь куни қабул қилинган эди.

Ялпи мажлисда сенаторлар «Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш ҳақида»ги қонунларни муҳокама қилди.

«Сенаторлар давлат чегараси билан боғлиқ низоли масалаларнинг ҳал этилиши Ўзбекистон миллий хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади, чунки бу чегарадаги низоларнинг олдини олиш ва ноқонуний савдога самарали қарши курашиш имконини беради. Ўз навбатида, Андижон (Кампиробод) сув омборидан биргаликда фойдаланиш минглаб фермер хўжаликларини сув билан узлуксиз таъминлашда ишончли кафолатлар яратади», — дейилади Сенат ахборотида.

Сенат муҳокама якунлари бўйича қонунларни маъқуллаш тўғрисида қарорлар қабул қилган.