Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ходимлари томонидан истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотларини муомалага чиқариш билан боғлиқ бир қанча ҳолатларнинг олди олинди. Бу ҳақда департамент матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, департаментининг Қибрай туман бўлими томонидан ДСИ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаролар А.Т. ва У.Х. истеъмолга яроқсиз 2200 кг товуқ гўштини консерва маҳсулотлари ишлаб чиқариш мақсадида сақлаб келаётганликлари аниқланган.

Департаментининг Гулистон туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса, фуқаро О.С. истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган 961 кг қорамол гўштини ўзининг бошқарувидаги Nexia автмобилида Тошкентдаги мижозларга етказиб бериш мақсадида олиб кетаётганлиги аниқланган.

Шу каби, департаментнинг Яккасарой туман бўлими томонидан ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Б.С. 22 дона полиэтилен қопда истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган 612 кг гўшт маҳсулотини ўзининг бошқарувидаги COBALT машинасида Тошкент шаҳридаги мижозларга етказиб бериш мақсадида олиб кетаётда тўхтатиб қолинган.

Департаментнинг Сирдарё туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «Сирдарё» ЙПХ масканидан фуқаро Б.Э. бошқарувидаги COBALT автомобилида фуқаро Б.У.га истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиги хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган 309,1 кг эчки гўштини Тошкентда сотиш мақсадида олиб келаётганида ушланган.

Департаментнинг Қўқон шаҳар бўлими томонидан ДСИ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда ҳам фуқаро О.А. ўзига тегишли гўшт ва колбаса маҳсулоти ишлаб чиқариш цехида ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз, истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиги хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган жами 240 кг қорамол ва товуқ гўштини муомалага киритиш мақсадида сақлаб келаётгани маълум бўлди.

Худди шундай, департаментнинг Чилонзор туман бўлими томонидан Тошкент шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса, фуқаро Ш. Э. ўзига тегишли Damas русумли автотранспорт воситасида бирламчи ветеринария ҳужжатларисиз, истеъмол учун яроқсиз бўлган 170 кг қорамол гўштини сотиш мақсадида олиб кетаётганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.