14 ноябрь куни БМТ Бош Ассамблеясида Украина бўйича 11-фавқулодда сессия бўлиб ўтди. Унда Украинага етказилган зарарни қоплашни таъминлайдиган халқаро механизм яратиш бўйича резолюция лойиҳаси овозга қўйилди. Ҳужжат 94 давлат томонидан қўллаб-қувватланди, 13 делегация қарши овоз берди, 73 давлат, жумладан, Ўзбекистон бетараф қолди.

БМТ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳужжат Бош Ассамблея аъзоларини Россия «тажовузи» пайтида содир этган халқаро ҳуқуқнинг ҳар қандай бузилиши учун жавобгарликка тортилиши ва етказилган зарарни қоплаши шартлигини тан олишни белгилайди.

Шу мақсадда ҳужжат халқаро механизмни яратишни назарда тутади, шунингдек, манфаатдор жисмоний ва юридик шахсларга Украина давлатига етказилган зарар, йўқотиш ёки жароҳатлар тўғрисидаги далиллар ва маълумотларни ҳужжатлаштириш учун бундай йўқотишларнинг халқаро реестрини яратишни таклиф этади.

Фото: twitter.com/UN_News_RU.

«Россия Украинани йўқ қилиш учун том маънода ҳамма нарсани қилди. Босқиннинг биринчи куниданоқ бомбалар ташлаб, ракеталар учирди, Украинанинг шаҳар ва қишлоқларини ҳар хил қуроллар орқали ўққа тутмоқда, завод ва фабрикаларга, турар-жой биноларига, мактабларга, касалхоналар ва болалар боғчаларига зарба бермоқда», — деди Украинанинг БМТдаги доимий вакили Сергей Кислица.

«Биз ҳаммамиз Буча, Ирпен, Бородианка, Мариуполь ва Изюмдан олинган кадрларни кўрдик. Россия Украинадаги автомобиль йўллари, кўприклар ва темир йўлларни вайрон қилмоқда. Биргина сўнгги ойнинг ўзида Украина энергетика тизимининг ярмини амалда йўқ қилди, миллионлаб украиналикларни қиш арафасида электр, сув ва иссиқликсиз қолдирди», — деди дипломат.

Россиянинг доимий вакили Василий Небензянинг айтишича, резолюция муаллифлари музлатилган Россия активларидан Киевга қурол етказиб беришни молиялашда ва аллақачон етказилган қуроллар учун қарзларни тўлаш учун фойдаланиш имкониятига эга бўлишни хоҳлайди.

«Ғарб давлатлари ҳеч қачон «репарация»ни ўз гуноҳларини ювиш йўли деб ҳисобламаган. Йигирма йил давомида улар Бош Ассамблеянинг олтинчи қўмитасида ушбу мавзуни муҳокама қилиш ва халқаро ҳуқуқбузарликлар учун давлатларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги ҳар қандай кўп томонлама ҳужжатни ишлаб чиқишга тўсқинлик қилдилар. Ҳозирги вақтга келиб эса, «репарация» бошқа давлатни талон-тарож қилиш учун қулай восита сифатида кўриниб қолгани учун ушбу консепцияни эслаб қолишди», — деди у.

БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдан ташқари сессияси Хавфсизлик Кенгашининг 1950 йилдаги «Тинчлик учун бирлик» резолюцияси асосидаги қарори билан ўтказилади. Ушбу тартиб Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоларининг ҳар қайсисига, Россия ветосини четлаб ўтиш имконини беради. Ўн биринчи навбатдан ташқари махсус сессия аъзо давлатларнинг илтимосига биноан жорий йилда бир неча марта ўз ишини қайта тиклади.