Андижон шаҳри «Соғлом авлод» маҳалласидаги 50-мактаб стадиони ўрнида 13 ноябрдан бошлаб кўп қаватли турар жой биноси қурилиши тўхтатилди, дея хабар бермоқда Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати. Бунга объектда буюртмачи томонидан тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритилгани сабаб бўлди.

12 ноябрь куни «Соядаги сиёсатчилар» Telegram-каналида стадион ўрнида бино қурилаётгани, қурилиш вилоят прокуратурасига жуда яқин жойда олиб борилаётгани ҳақида пост эълон қилинганди.

Вилоят прокуратурасининг 13 ноябрдаги баёнотида таъкидланишича, мактаб ҳудудининг бир қисми 2019 йил 14 августдаги қарор билан Андижон ҳокимлиги захирасига ўтказилган, шундан сўнг «SXF Andijon City Stroy» 2020 йилда қурилиш учун ажратилган.

Шунингдек, прокуратура шаҳар ҳокимининг қурувчига ер ажратиш тўғрисидаги қарори қалбаки эканлигини ва 2022 йил октабрь ойида жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Андижоннинг ўша пайтдаги ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров эса ёзда ҳибсга олинганди.

Қурилиш вазирлиги ўз хабарида Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳам 2019 йил 16 август куни мазкур 0,72 га ер майдонини Андижон шаҳар ҳокимлиги заҳирасига ўтказиш бўйича таклифига розилик берилганини қайд этган.

«SXF Andijon City Stroy» компаниясига мазкур ҳудудда «тўрт қаватли замонавий савдо ва маиший хизмат кўрсатиш кўнгилочар мажмуаси» қуришга рухсат берилган, бироқ лойиҳа ўзбошимчалик билан ўзгартирилган.

Қурилиш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар бўйича ҳукуматнинг 2018 йил 18 майдаги №370 қарорига асосан ижобий хулосалар тузилган, дея таъкидлайди Қурилиш вазирлиги (2022 йил 20 апрелида қарор ўз кучини йўқотган).

Аввалроқ 2018 йилдан буён мамлакатда 200 га яқин мактаб ўз ерларининг бир қисмидан ноқонуний равишда маҳрум бўлгани хабар қилинганди. Барча ҳолатларнинг қарийб учдан бир қисми Андижон вилоятида қайд этилган бўлиб, 61 та мактаб ўз ҳудудининг жами 24,8 гектар ерни йўқотган.